БРИКС ривожланиш нуқтаи назаридан катта салоҳиятга эга – ҚР Президенти
KAZAN. Kazinform – Давлат раҳбари “БРИКС плюс” саммитида иштирок этди, деб хабар беради Ақорда.
ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган БРИКС ялпи мажлисининг «БРИКС плюс»/«аутрич» форматида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари БРИКС халқаро миқёсдаги глобал марказга айланиб бораётгани, ўзаро манфаатли ҳамкорликдан манфаатдор кўплаб мамлакатлар эътиборини тортаётганини таъкидлади.
“БРИКС ривожланиш нуқтаи назаридан катта салоҳиятга эга ва турли қитъалардаги давлатларни бирлаштиради. Шунингдек, у ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва барча иштирокчилар манфаати учун умумий ресурслардан самарали фойдаланади. БРИКС ўзаро ҳурмат ва шериклик тамойиллари асосида келажак пойдеворини яратиш учун етарли тажриба ва имкониятларга эга”, – деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, БРИКСнинг кўп томонлама саъй-ҳаракатлари дунёда ҳали ҳам тенги йўқ универсал тузилма ҳисобланган БМТ фаолиятини тўлдиради.
“БМТ Низомидаги дипломатия ва мулоқот тамойиллари БРИКСнинг асосий кун тартибига айланди. Бу можароларни тинч йўл билан ҳал этиш ва стратегик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз Россиянинг Евроосиёнинг тенг ва ягона хавфсизлигини таъминлаш концепциясини юқори баҳолаймиз. Бу ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали геосиёсий босимни камайтириш истагига асосланган. Қозоғистон Хитойнинг халқаро барқарорликни сақлаш, суверенитетни ҳимоя қилиш, можароларни тинч йўл билан ҳал этиш ва кўп томонлама ёндашувлардан фойдаланиш орқали глобал хавфсизликни таъминлаш ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимиз ҳам Хитой ва Бразилиянинг Украинага нисбатан тинчлик режасини олқишлайди”, – деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарларининг ХVI саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрига борди.
Давлат раҳбари БРИКС саммити иштирокчилари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Қозоғистон Республикаси Президенти ва БРИКС+ саммитининг бошқа иштирокчилари биргаликда суратга тушишди.