Бошланғич ҳарбий тайёргарлик ўқитувчилари малака ошириш курсларидан ўтади

ASTANА. Кazinform – Жорий йилнинг май ойида бошланғич ҳарбий тайёргарлик ўқитувчилари малака ошириш курсларидан ўтади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева Мажилис депутатлари саволига берган жавобида маълум қилди.

Бошланғич ҳарбий тайёргарлик ўқитувчилари малака ошириш курсларидан ўтади
Фото: Мудофаа вазирлиги

— Мудофаа вазирлиги Таълим-маориф вазирлиги билан ҳамкорликда Мудофаа вазирлигига бўйсунадиган ҳарбий таълим муассасалари базасида, шунингдек, олий ва олий таълимдан кейинги таълим муассасаларининг ҳарбий кафедраларида бошланғич ҳарбий тайёргарлик ўқитувчилари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу ўқув курслари жорий йилнинг май ойида бошланиши ва 1500 нафар бошланғич ҳарбий тайёргарлик ўқитувчиларини қамраб олиши режалаштирилган, — деди Бош вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги етакчи олимлар, шунингдек, ҳарбий психологлар иштирокида 10-11-синфлар ва коллежлар ўқувчилари ва талабалари учун бошланғич ҳарбий тайёргарлик бўйича дарслик ишлаб чиқилмоқда.

— Янгиланган дарслик, бевосита ҳарбий тайёргарликдан ташқари, ҳарбий хизматга ахлоқий, психологик ва жисмоний тайёргарлик масаласини, жумладан, рақамли симуляторлардан фойдаланган ҳолда учувчисиз учиш аппаратлари билан ишлаш бўйича машғулотларни ҳам ўз ичига олади. Бундан ташқари, бошланғич ҳарбий тайёргарлик ўқитувчилари учун услубий тавсиялар ишлаб чиқилмоқда, — деди Аида Балаева.

Эслатиб ўтамиз, қозоғистонлик ўқитувчилар халқаро лойиҳа ғолибларига айланди.

Сўнгги хабарлар