БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши Қуръоннинг ёқиб юборилиши ҳаракатини қоралади

None
Фото: Anadolu Agency
GENEVA. АNADOLY-Кazinform – БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши Ғарб давлатлари қаршилик кўрсатганига қарамай, Қуръонни ёқиш ҳаракатини қоралади, дея хабар беради Kazinform Аnadoly агентлигига таяниб.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташаббуси билан ўтказилган навбатдан ташқари сессияда Женевада бўлиб ўтган ИҲКнинг 53-сессиясида Қуръонни таҳқирлаш ҳаракатларини қораловчи резолюция лойиҳаси муҳокама қилинди. Овоз беришда 47 давлат иштирок этди.

Қабул қилинган ҳужжат учун 28 давлат овоз берди, 12 давлат қарши, 7 давлат бетараф қолди.

Жазоир, Аргентина, Бангладеш, Боливия, Камерун, Хитой, Кот-д’Ивуар, Куба, Эритрея, Габон, Гамбия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Малави, Малайзия, Мальдив ороллари, Марокаш, Покистон, Қатар, Сенегал, Сомали, Жанубий Африка, Судан, Украина, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўзбекистон ва Вьетнам резолюцияни ёқлаб овоз берди.

Бельгия, Коста-Рика, Чехия, Финляндия, Франция, Германия, Литва, Люксембург, Черногория, Руминия, Буюк Британия ва АҚШ қарши овоз берди.

Парагвай, Непал, Мексика, Гондурас, Грузия, Бенин ва Чили бетараф қолди.

Туркия БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида кузатувчи мақомига эга бўлгани учун овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан тақдим этилган резолюция қабул қилинди, унда Қуръонга қилинган ҳужумлар қораланди. Ушбу қарорни қўллаб-қувватлаган барча давлатларга миннатдорчилик билдирамиз», — деди Туркиянинг БМТ Женева бўлимидаги доимий ваколатхонаси Тwitterда.

47 аъзодан иборат БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши қабул қилган қарорлар мажбурий эмас. Бироқ, ИҲКнинг фикри миллий парламентлар томонидан қабул қилиниши мумкин бўлган қарорларга таъсир қилади. Қолаверса, мазкур қарорлар халқаро жамоатчилик фикрини шакллантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 21 январь куни Даниянинг ўта ўнгчи «Қаттиқ келишув» партияси етакчиси Расмус Палудан Туркиянинг Стокгольмдаги элчихонаси деворлари ёнида провокация содир этган эди. Радикал Қуръонни омма олдида ёқиб юборди.

27 январь куни Палудан мусулмонлар учун муқаддас китоб – Қуръонни ёқиб юбориш билан яна бир исломга қарши провокатсияни амалга оширди. Дания расмийларининг рухсати билан радикал кўплаб полициячилар ҳимоясида Туркиянинг Копенгагендаги элчихонаси олдида Қуръонни ёқиб юборди.

Швеция расмийларининг Қуръонни таҳқирлаш актини амалга оширишга рухсат бергани Эрон, Саудия Арабистони, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқалар каби кўплаб исломий давлатларнинг кескин салбий муносабатига сабаб бўлди.

Стокгольмдаги провокацион пикетдан сўнг, 24 январь куни Нидерландияда фаолият юритаётган «Ватанпарвар европаликлар Ғарбнинг исломланишига қарши»(PEGIDA) ўнг қанот экстремистик ҳаракати етакчиси Эдвин Вагенсвельд Гаагада Қуръон нусхасини йиртиб ташлади. Маҳаллий ҳокимият Вагенсвельдга Қуръонни ёқиб юбормаслик шарти билан акцияни амалга оширишга рухсат берди. Бироқ, таъкидланишича, китобдан йиртилган саҳифалар кейинчалик бошқа жойда ёқиб юборилган.

Шундан сўнг Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Гаагадаги Қуръонга қарши ҳаракат юзасидан Нидерландия элчисига норозилик билдирди.


Сўнгги хабарлар