БМТ бутун дунёда ҳарбий ҳолат жорий этиши мумкин - фейк
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳар қандай мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳуқуқига эга бўлиши учун унга "чексиз фавқулодда ваколатлар" берилишини талаб қилишини ёзишмоқда. Бу глобал таҳдидлар, масалан, пандемиялар, табиий офатлар, иқлим офатлари ва бошқалар учун зарур. Буларнинг барчаси ҳақиқатга тўғри келмайди, деб хабар беради Kazinform stopfake.kzга таяниб.

Тарқалган хабарда айтилишича, БМТ фавқулодда ваколатлар сўраган шартлар 2024 йилда бўлиб ўтадиган Келажак саммитида қабул қилинадиган "Келажак учун пакт" деб номланади.
Ҳужжат, худди шундай номдаги саммит каби, БМТнинг расмий веб-сайтида ҳақиқатан ҳам эслатиб ўтилган.
Воқеалар саҳифасида 2024 йилда бўлиб ўтадиган саммитдан олдин қилинган ва қилинадиган қадамлар батафсил баён этилган.
Сайтдаги маълумотларга кўра, 2023 йилгача бўлган кун тартиби 2015 йилда қабул қилинган. У 17 та узоқ муддатли мақсадни ўз ичига олади, жумладан, ижтимоий ва гендер тенглиги, тоза сув каби асосий ресурслардан тенг фойдаланиш ва бошқалар. Ҳужжатда ҳарбий ҳолат ҳақида бир сўз ҳам йўқ.
Шунингдек, веб-сайтда саммитга тайёргарлик доирасида БМТ75 декларацияси қабул қилингани айтилади. Унда халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш, низоларнинг олдини олиш, аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим инқирозига қарши курашиш ҳақида сўз боради.
Саммит арафасида қабул қилинган БМТнинг яна бир ҳужжати “Бизнинг умумий кун тартибимиз” деб номланади. Бу БМТ Бош котибининг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича ҳисоботидир. Унда БМТга фавқулодда ваколатлар бериш ва бутун дунёда ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳақида гап кетмайди.
"Келажак учун пакт" матни ҳали тайёрланмаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти веб-сайтида айтилишича, у "аъзо давлатлар томонидан илгари сурмоқчи бўлган масалалар бўйича ҳукуматлараро музокаралар пайтида" тузилади.
Яъни, иштирокчи давлатлар ихтиёрий равишда БМТга исталган жойда ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор қабул қилади, деб тахмин қилиш мутлақо асоссиздир.
Шундай қилиб, БМТ ҳақиқатан ҳам бутун дунё бўйлаб фавқулодда ваколатларни ўз зиммасига олишни истаётганига ҳеч қандай далил йўқ. Ташкилот ҳужжатларида бундай тезислар йўқ ва ахборотномада эслатиб ўтилган "Келажак учун пакт" ҳали тузилмаган.