Биз Қозоғистоннинг инсонпарварлик ёрдамини юқори баҳолаймиз – Афғонистон вазири

Шу боис Қозоғистон томони Афғонистон билан ҳамкорликни давом эттириб, озиқ-овқат, товарлар ва дори-дармонлар кўринишидаги ёрдамни йўналтирмоқда. Давлат раҳбари шу йил июнда бўлиб ўтган Астана халқаро форумининг ялпи мажлисидаги нутқида шу масалага алоҳида тўхталиб ўтган эди.
«Биз Афғонистондаги гуманитар инқирозни бартараф этишда фаол иштирок этмоқдамиз. Афғонистон халқига БМТ доирасида ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш зарурлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё ва Афғонистон учун Алматида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказ ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга», – деди Қозоғистон Президенти.
Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон Афғонистон билан савдо ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга тайёр ва бу йўналишда катта ҳисса қўшмоқда.
Афғонистоннинг можародан кейинги тикланишини халқаро ҳамжамият, айниқса, минтақа давлатларининг ёрдамисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Қозоғистон, ўз навбатида, Афғонистон бўйича кўп томонлама музокаралар жараёнларида, жумладан, БМТ платформасидаги учрашувларда фаол иштирок этади. Бундай кўп томонлама ва икки томонлама ҳамкорликнинг самарадорлиги Афғонистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.
Жорий йил апрелда Қозоғистон делегацияси Давлат раҳбари топшириғига асосан Афғонистонга навбатдаги гуманитар юкни етказди. Етказиб берилган гуманитар юклар орасида дори-дармон ва озиқ-овқат мавжуд. Дори қутилари ҳаво орқали етказилган бўлса, умумий ҳажми 5403 тонна (81 вагон) бўлган асосий гуманитар юк темир йўл орқали жўнатилди. Гуманитар ёрдам озиқ-овқат маҳсулотларидан (сут консервалари, ўсимлик ёғи, ун, гречка) иборат.
Бундан ташқари, ушбу ташриф доирасида Кобулда Қозоғистон ва Афғонистон ишбилармонларининг учрашуви бўлиб ўтди. Махсус савдо бизнес-форуми ташкил этилди. Тадбиркорларнинг келажак учун катта режалари бор.
БМТ Аҳоли жамғармаси маълумотларига кўра, Афғонистон аҳолиси 40 миллионга яқин. Айтиш мумкинки, Афғонистон бозори ишлаб чиқарувчилар учун жуда жозибали. 2022 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларга етади. Албатта, ишлаб чиқарувчилар, ишбилармонлар Афғонистонга экспорт қилинаётган маҳсулот турларини янада кенгайтиришдан манфаатдор.
Афғонистон делегацияси Астанага келди
1 август куни Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий бошчилигидаги 210 кишидан иборат бизнес делегацияси Астанага келди. Аэропортдан делегацияни Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Серик Жуманғарин кутиб олди.
Меҳмонлар орасида Афғонистон Марказий банки, йирик хусусий банклар, «Да Афганистан Брешна Шеркат» (DABS) энергетика компанияси, «Афган телеком» (AfTel) телекоммуникация компанияси, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва чорвачилик палатаси, Савдо ва инвестиция палатаси раҳбарлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, саноат, транспорт-логистика, машинасозлик, тўқимачилик ва бошқа компаниялар вакиллари бор.
Афғонистон вазири Нуриддин Азизийнинг айтишича, у бошчилигидаги делегация Афғонистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш мақсадида келган.
«Биз Астанага яхши таклифлар билан келдик ва самарали келишувлар бўлишига умид қиламиз. Хусусан, Қозоғистон Вазири (Серик Жуманғарин)нинг апрелда Кобулга ташрифи чоғида эришилган келишувлар амалга оширилмоқда, деб ўйлаймиз. Биз дўстона муносабатларимизни, шунингдек, савдо соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга умид қиламиз», – деди Нуриддин Азизий.
2 августда Қозоғистон ва Афғонистон компанияларининг тақдимотлари ва музокаралари бўлиб ўтди. 3 август куни бизнес-форум ўз ишини бошлайди, 4 август куни Астана аҳолиси ва меҳмонлари учун Афғонистон товарлари кўргазмаси (ЕХРО, Конгресс маркази) очилади. Кўргазмада Афғонистондан турли озиқ-овқатлар, мис идишлар, мармар, гиламлар, заргарлик буюмлари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар намойиш этилади.
Нуриддин Азизийнинг айтишича, ҳозир Афғонистон Қозоғистондан буғдой, ун, суюлтирилган газ, ёқилғи ва ўсимлик мойи импорт қилмоқда. Қозоғистонга қуритилган мевалар, гиламлар, қимматбаҳо тошлар, минераллар етказиб берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Қозоғистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 987,9 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига (474,3 миллион доллар) нисбатан 2,1 баробар кўп. Бу борада кўрсаткичнинг қарийб 90 фоизи Қозоғистон экспортига, асосан, қайта ишланган маҳсулотларга тўғри келади. 2023 йилнинг 5 ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 316,6 миллион долларга етди, шундан 310 миллион доллари Қозоғистон экспортига тегишли.
Мутахассисларнинг фикрича, Қозоғистон Афғонистонга умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ озиқ-овқат, нефть-кимё, кимё, металлургия, машинасозлик саноатини экспорт қилиш имкониятига эга.
Делегациянинг мазкур ташрифи доирасида афғон томони транзит, транспорт, сармоя жалб этиш йўналишларидаги ҳужжатларни имзолашдан манфаатдор.
«Афғонистон ва Қозоғистон ўртасидаги йиллик товар айирбошлаш 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Хусусан, Қозоғистон Афғонистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг маълум қисмини олишини истардик, яъни бу йўналишдаги алоқалар муҳокама қилинмоқда. Савдода энг муҳим омиллардан бири логистика харажатларини камайтиришдир. Бугун Қозоғистон пойтахтида муҳокама қилинаётган яна бир муҳим масала банк секторидир. Биз бу йўналишда ишлаймиз. Агар логистика арзонлашса, товарларнинг нархи самаралироқ бўлади. Ушбу муаммони ҳал қилишда ўзаро манфаат мавжуд. Негаки, бу савдо-сотиқнинг ўсишига хизмат қилмоқда», – деди Нуриддин Азизий.
Афғонистон вазири Қозоғистоннинг инсонпарварлик ёрдами ҳақида ўз фикрини билдирди.
«Қозоғистон Президентига, Қозоғистон Ҳукуматига миннатдорчилик билдирамиз. Биз Қозоғистоннинг инсонпарварлик ёрдамини юксак қадрлаймиз. Биз савдо алоқалари ва афғон халқига ҳозиргача кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдормиз», – деди Нуриддин Азизий.
Шу билан бирга, вазир Афғонистоннинг бошқа давлатлар билан дипломатик ҳамкорлигини кенгайтириш масаласи бўйича ўз фикрини билдирди. Шу муносабат билан у яқинда Доҳада бўлиб ўтган учрашувдан сўнг ижобий натижага умид қилган. Шу нуқтаи назардан, банк секторига нисбатан чекловларни олиб ташлаш муаммолари кўриб чиқилди.