Биз илғор фикрли миллат сифатида фақат олдинга қарашимиз керак - Қасим-Жомарт Тоқаев
Қасим-Жомарт Тоқаев Egemen Qazaqstan газетасига интервью берди. Kazinform интервьюнинг матнини жузъий қисқартиришлар билан тақдим этади.

– Қасим-Жомарт Кемелули, вақтингиз оз бўлишига қарамай, «Egemen Qazaqstan» газетасига интервью беришга розилик билдирганингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Жамиятни ташвишга солаётган масалалар юзасидан фикрингиз қозоқ матбуоти учун жуда муҳим. Шунинг учун биз сиз билан турли мавзуларда очиқ суҳбат қурмоқчимиз. Ўтган йил нимаси билан эсда қолди?
– Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимни Янги йил билан табриклайман!
2023 йил мамлакатимиз учун муҳим воқеаларга бой бўлди. Биз асосий сиёсий ислоҳотларни якунладик. Конституциявий суд ўз фаолиятини бошлади. Мажилис ва барча даражадаги маслиҳат депутатлари янги қоидага биноан сайланди. Биринчи марта туман ва вилоят аҳамиятига эга ҳокимларини сайладик. Қишлоқлар ва туман аҳамиятига эга шаҳарлар ҳокимлари сайлови давом этди. Ўтган йили 700 га яқин қишлоқ ҳокими сайланди.
Биз адолатли ва рақобатбардош иқтисодий тизим яратишга киришдик. Иқтисодиётни диверсификация қилиш ва монополияга барҳам бериш, инфратузилмани модернизация қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этишда фаол қатнашдик. Ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммолар босқичма-босқич ҳал этила бошланди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида таълим марказлари, жумладан, “қулай мактаблар” кўпаймоқда. Қишлоқларда соғлиқни сақлаш муассасалари барпо этилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам фуқароларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ижтимоий кодекс қабул қилинди. Зарарли меҳнат шароитида ишлайдиган фуқаролар учун махсус тўлов жорий этилди. Табиатни муҳофаза қилиш учун масъул бўлган муассасалар ходимларига уларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилиши сабабли қўшимча устама тўланадиган бўлди. Тиббиёт ходимлари, мактаб, коллеж ва боғчаларда ишлаётган ўқитувчиларнинг маошлари оширилди. Миллий жамғармадан болаларга маблағ ажратишни тартибга солувчи қонун кучга кирди. Асосий иқтисодий кўрсаткичларни, жумладан, инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақини белгиловчи методология қабул қилинди.
Бу ишларнинг барчаси 2024 йилда давом этади. Биз эҳтиёткорлик билан ва режалаштирилган ҳаракатларни амалга оширамиз, мақсадга эришиш учун доимо интиламиз. Бу, айниқса, муҳим йил бўлади. Чунки бу давр келгуси беш йил ичида мамлакат тараққиётининг асоси бўлади.
- Янги йилдан нималарни кутмоқдасиз? Мамлакатимиз олдида қандай вазифалар турибди?
— Ўтган йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган нутқимда мен янги иқтисодий моделга ўтаётганимизни айтдим ва 2029 йилгача ялпи ички маҳсулотни икки баробарга оширишни асосий стратегик мақсад қилиб қўйгандим. Тез орада Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтади. Унда мамлакатимизни ўтган йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тузилиб, келгусидаги ишлар услублари белгилаб олинади.
Миллий қурултойнинг йиғилишлари мафкура, миллатнинг янги сифатини шакллантириш, жамият қадриятлари тизимини модернизация қилиш каби масалалар муҳокама қилинадиган самарали муҳокама майдонига айланди. Ёзда чақирилган қурултой сессиясини бу йил бироз эртароқ, баҳорда ўтказармиз.
Шундай қилиб, жорий йилда иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва гуманитар соҳалардаги ишларнинг асосий йўналиши биринчи чоракдаёқ белгилаб олинди.
Биз миллат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда конструктив ва оқилона ташқи сиёсатни давом эттирамиз. 2024 йилда мамлакатимизда бир қатор йирик саммит ва форумлар ўтказилади. Қозоғистон бир қанча нуфузли халқаро ташкилотларга, хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига, Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгашга, Туркий давлатлар ташкилотига, Оролни қутқариш халқаро жамғармасига, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилотига раислик қилади.
Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг ўтказилиши ҳам мамлакатимиз учун муҳим воқеа бўлади. Шубҳасиз, мусобақа миллий спорт турлари ва соғлом турмуш тарзини тараннум этишда ҳам, Буюк Дашт кўчманчилар цивилизацияси ворислари ҳисобланган қардош халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакат тарихида алоҳида ўрин тутган инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш анъанаси юртнинг миллий ўзлигини мустаҳкамлашга катта хизмат қилмоқда. Бу йил атоқли олим Қаниш Сатбаев таваллудининг 125 йиллиги, атоқли қаҳрамонлар Сағадат Нурмағамбетов ва Рақимжан Қошқарбаев таваллудининг 100 йиллиги нишонланади. Шу билан бирга, тарихчиларнинг ёзишича, Жўжи улусининг ташкил этилганига 800 йил тўлди. Давлатчилигимиз илдизлари ғоят теран эканини кўрсатадиган ушбу қутлуғ сана муносабати билан кенг кўламли изланишлар олиб борилмоқда. Бу йил биз Қозоғистоннинг кўп жилдлик тарихини ишлаб чиқишни ҳам якунлаймиз. Бу катта вазифа бўлиб, уни мамлакатимиздан 200 дан ортиқ, хориждан 60 га яқин мутахассис астойдил бажармоқда.
Бундай муҳим тадбирлар билан бир қаторда, амалга оширилиши керак бўлган кундалик вазифалар ҳам кўп. Бу йил мамлакат тарихида қандай ўрин эгаллаши барча фуқароларимизнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Янги йил табригимда бу йил бутун халқимиз юксалиши ва фаровонлигига гувоҳ бўламиз, дедим. Лекин бу мақсадни амалга ошириш учун биз бир эл бўлиб ҳамкорлик қилишимиз керак.
- Январь ойидаги фожиали воқеадан роппа-роса икки йил ўтди. Январ Қозоғистон тарихида янги даврга йўл очган бурилиш нуқтаси бўлди. Аввалги чиқишларингиз ва суҳбатларингизда ўша фожиали воқеага аниқ баҳо берган эдингиз. Бироқ, ҳали ҳам бир қатор саволлар мавжуд. Январь воқеасига турлича изоҳ берадиганлар ҳам бор. Алғов-далғовли кунлардан бери бироз вақт ўтди. Энди бу воқеани қандай тасвирлаган бўлардингиз? Бунинг асосий сабаби нима ва сизнингча, бунга нима туртки бўлган?
- Мен бу ҳақда кўп ўйладим ва ҳозир ҳам тез-тез ўйлайман. Менимча, январь воқеасига йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммолар, ҳукумат ва жамиятни издан чиқарган умумий турғунлик сабаб бўлди. Бу – айтмаса ҳам тушунарли ҳолат.
2019 йилда Президент этиб сайланганимдан сўнг мамлакатимиз сиёсий тизимни демократлаштириш, жамият ҳаётига эркинлик бериш, иқтисодиётни монополиядан озод қилиш йўлига ўтди. Ислоҳотларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда жамоатчилик вакиллари, фаол фуқаролар, экспертлар иштирок этди. Мулоқотнинг турли йўналишлари бўйича, жумладан, менинг таклифим билан махсус тузилган Халқ ишончи миллий кенгаши йиғилишларида кўплаб ташаббуслар кўтарилди ва ишлаб чиқилди.
Очиғи, баъзи нуфузли шахсларга янги йўналишимиз умуман ёқмади. Улар бу ўзгаришни мамлакатдаги чуқур илдиз отган тизимга ва ҳокимият тизимидаги ўзларининг “махсус мавқе”ларига таҳдид сифатида қабул қилишди. Бундай одамлар мамлакатдаги ўзгаришларга ўз норозиликларини яширинча, баъзан эса ошкора ҳам билдира бошладилар. Охир-оқибат, улар ўзлари учун қулай бўлган эски вазиятга қайтиш учун ислоҳотнинг юзини қайтаришга ва ҳамма нарсани йўқ қилишга қарор қилишди.
Бу юқори мартабали амалдорлар гуруҳи ҳам куч тузилмаларига, ҳам жиноий дунёга катта таъсир кўрсатди. Шунинг учун у ҳокимиятни куч билан эгаллашга қарор қилди. Тергов маълумотларига кўра, улар тайёргарликни 2021 йилнинг ўрталарида бошлаган. Кейин Ҳукумат суюлтирилган газ нархини кескин ошириш бўйича нотўғри, ҳуқуқий асоссиз қарор қабул қилди. Манғистау вилоятида иғвогарларга эргашган одамлар намойишга чиқди.
Ўшанда Ҳукумат менинг номимдан махсус комиссия тузган эди. Унинг аъзолари зудлик билан вилоятга бориб, маҳалла вакиллари билан учрашиб, умумий келишувга эришди. Аммо намойишлар экстремистик характерга эга бўлди. Бузуқ ниятлилар бундан дарҳол ўз манфаати учун фойдаланишди.
Бош прокуратура текширувидан кўриниб турибдики, январь воқеалари бир неча тўлқинларга бўлинган.
Намойишлар дастлаб Манғистау вилоятида бошланган. Тез орада у бошқа ҳудудларга тарқалди. Марказий ҳокимият ва ҳокимликлар вазиятни тартибга солишга ҳаракат қилган бўлсалар-да, мамлакат ичида вазият кескинлашди. Намойишлар ташкилотчилари умумий келишувга эришиш учун музокаралар ва мулоқотларга розилик бермадилар.
Аксарият ҳудудларда биринчи тўқнашувлар содир бўлди. Буларнинг барчаси махсус ўқитилган айғоқчилари билан вазиятни янада кучайтиришга ҳаракат қилган ёвуз ниятли одамлар учун "айни муддао" бўлиб чиқди. Шундай оғир вазиятда ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари куч ишлатмай, хотиржамликни сақлади. Бу - иккинчи тўлқин.
Учинчи тўлқин етакчилари муросага келган гуруҳга эътибор бермаган ва террорчилар, жумладан, хорижий террорчилар билан алоқаси бўлган жиноий тўдалар чинакамига ишга киришган пайтда пайтда бошланди. Махсус технологиялар, провокатор ва безорилар ёрдамида тинч намойишларни оммавий тартибсизликларга айлантирдилар. Калтаклаш, йўқ қилиш, ёқиш ва ўзгаларнинг мулкини атайлаб йўқ қилиш содир бўлган. Тўполон пайтида қуролли радикаллар ва террорчилар бир вақтнинг ўзида ва ягона буйруқ билан давлат идоралари ва куч тузилмалари бинолари, қурол-яроғ дўконлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда ҳарбий қисмлар омборларига ҳужум қилган. Бундай воқеа нафақат Алматида, балки бир қатор вилоят марказларида ҳам бўлган. Эслатиб ўтамиз, январь воқеалари пайтида уч мингдан ортиқ қурол эгаллаб олинган. Шу жумладан, автомат, пулемёт, ҳатто гранатамёт ва бошқа ўқотар қуроллар бор. Бундан ташқари, транспорт инфратузилмаси ва телекоммуникация объектларига ҳужум қилинган. Яна такрор айтмоқчиманки, қароқчилар ва террорчилар уюшган ҳолда ва бир-бири билан яқин алоқада ҳаракат қилган.
Ёвуз ниятлилар давлат тўнтариши уюштириш режасини амалга ошириш учун экстремистлар, жиноий гуруҳлар ва диний экстремистлар биргаликда ҳаракат қилдилар. Уларнинг мақсади мамлакатда қўрқув уйғотиш, давлат институтлари фаолиятини берқарорлаштириш, конституциявий тузилма пойдеворини силкитиш ва охир-оқибат ҳокимиятни қўлга олиш эди.
Ўша пайтда вазият жуда мураккаб, мамлакатимиз ҳалокат ёқасида эди. Бунинг олдини олиш мақсадида кечаю кундуз, ҳар соатда барча тадбирларни шахсан ўзим кузатдим. Ички ишлар вазирлиги орқали Ақорда қароргоҳига ҳужум уюштирилиши ва бунинг учун юк машиналари ишлатилиши ҳақида маълумот келиб тушди. Менга кўп марта жон сақлашни, қароргоҳни тарк этишни ёки ҳатто чет элга чиқишни таклиф қилишди. Лекин мен бунга қаттиқ қарши эдим. Телевидениедаги баёнотларимдан бирида мен нима бўлишидан қатъий назар ишимда қолишимни аниқ айтдим. Икки ҳафта давомида Ақордада бўлиб, кечаю кундуз фавқулодда йиғилишлар ўтказдим. Ўша нотинч кунларда давлатимизни сақлаб қолиш, мамлакатда қонун-тартиботни тиклаш энг муҳим вазифа эди.
- Россия ҳарбийларини Қозоғистонга таклиф қилиш қай даражада тўғри қарор бўлди? Ўша пайтда Россия бизнинг мамлакатимизни қутқарди, деган фикр қўшни мамлакатларда тез-тез айтилади.
— Ҳудудларда оммавий тартибсизликлар бошланиб, маҳаллий ҳокимият органлари ўз лаёқатсизлигини кўрсатгач, Хавфсизлик Кенгаши Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига мурожаат қилишга қарор қилди. Қозоғистон барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўз тинчликпарвар кучларини қисқа муддатга жойлаштиришни сўради. Шу ўринда қуйидаги фикрни таъкидлаб ўтиш зарур. Биз бу тузилма аъзоси сифатида Россияга эмас, КХШТга мурожаат қилдик.
Ўша пайтда бу ташкилотнинг раиси Арманистон эди. Бу йил Қозоғистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига раислик қилади. Тузилма отряди, аслида, тинчликпарвар рол ўйнади ва ўша даҳшатли кунларда мамлакатни қамраб олган нотинчликни тўхтатишга ёрдам берди. Ташкилотга аъзо давлатлар билан келишилган ҳолда мазкур тинчликпарвар кучлар Қозоғистондан олдиндан талабларсиз, бундан ташқари, муддатидан олдин олиб чиқилди.
КХШТ тинчликпарвар кучлари аксилтеррор амалиётларида қатнашмаган ва бирорта ҳам ўқ узмаган. Арманистон отряди “Ақсай” новвойхонаси ва “Алмати сув” иншоотини, Беларусь отряди Жетигендаги аэродромни, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаси ҳарбий хизматчилари Алмати шаҳрининг биринчи ва иккинчи иссиқлик электр марказларини, Россия отряди учинчи иссиқлик электр маркази ва телекоммуникация объектлари қўриқлашди. Ушбу муҳим объектларга террористик ҳужумлар уюштириш хавфи мавжуд эди. Шунинг учун уларни қўриқлаш учун тинчликпарвар кучлар юборилди. Энг муҳими, бу бизга кучларимизни аксилтеррор операциясига сафарбар қилиш имкониятини берди.
- Демак, бу муваффақиятсиз давлат тўнтариши. Хўш, январь воқеасини халқ қўзғолони, ҳатто инқилоб деб атаганларга нима дейсиз?
– Дастлаб тинч намойишлар оммавий тартибсизлик, ўт қўйиш ва вайронагарчиликка айланган фожиали воқеаларга бутун дунё гувоҳ бўлди. Ким тинч намойишга пулемёт, тўппонча ва совуқ қурол билан боради?! Яхши ниятли одам ҳарбий хизматчиларни калтаклаб ўлдирадими, улардан тирик қалқон сифатида фойдаланадими, маъмурий бинога ҳужум қиладими?! Тинч намойишда дўконлар, банклар вайрон бўладими, талон-тарож қилинади, машиналар ёқиб юбориладими?! Ҳукумат бинолари ва полиция идораларига ҳужумлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бундай оммавий тартибсизликлар натижасида деярли уч миллиард доллар йўқотилди.
Январь воқеасининг сабабларини сохталаштиришнинг ҳожати йўқ. Бошқа томондан, бу халқ қўзғолони, деган даъволар жиноий ҳаракатларни оқлаш учун айтилмоқда. Жиноятчиларни қаҳрамон сифатида кўриш, одамларни ғазаблантирадиган ва улар жавобгар эмас деган ғоялар жиноят психологиясининг жамоатчилик онгига сингиб кетишига олиб келади. Бундай гаплар давлат хавфсизлигига, халқ тинч ҳаётига таҳдид соладиган оммавий тартибсизликларга ундаш билан баробардир. Бу жуда хавфли жараён. Шундай экан, бундай адолатсизликни танқид қилиш ҳақида гап кетганда, давлат ва жамият позицияси муштарак бўлиши керак. Мен бунга аминман.
— Фуқаролар ҳокимиятнинг хатти-ҳаракатларидан норозилигини қандай билдириши мумкин?
— Мамлакатимизда ҳокимиятнинг хатти-ҳаракатларига норозилигини ошкора билдириш учун тўлиқ имконият бор. Фуқаролар ўз муаммоларини очиқ айтишлари мумкин. “Халқ овозига қулоқ соладиган давлат” концепцияси асосида давлат органларидан жамоатчилик фикрини инобатга олишни талаб қилиб келаман. Мамлакатда тинч йиғилишларни тартибга солувчи демократик қонун мавжуд. Яқинда ариза бериш ва кўриб чиқиш тартибини тартибга солувчи қонун қабул қилинди.
Шунинг учун биз бир нарсани аниқ билишимиз керак. Тинч намойишлар тақиқланган эмас, оммавий тартибсизликнинг ҳар қандай кўриниши қатъиян ман этилади. Юртимизда фақат қонун ва тартиб ҳукмрон бўлиши керак. Бу мен учун бузилмас тамойил. Демократия бешиги саналган Ғарб давлатларини қарангки, кўчада оммавий тартибсизликлар содир этган, давлат органларига ҳужум қилган одамнинг пешонасини ҳеч ким силамайди.
Полиция оммавий тартибсизликлар ташкилотчилари, яъни одамларни ҳокимиятнинг қонуний талабларига қарши чиқишга ундаган, қурол олиб келиб тарқатган, вазиятни янада оғирлаштирган, одамларни куч ишлатишга ундаган, ҳамма нарсани вайрон қилган шахсларни аниқлаб, фош қилди. Тасодифий тартибсизликка қўшилган, билмасдан иғвога учган одамларнинг эса безориларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар менинг ташаббусим билан афв этилди. Бунгача судланган 1205 нафар шахснинг 1095 нафари авф этилди. Оммавий тартибсизликлар уюштирганлар ва террорчилик ҳаракатлари, давлатга хиёнат, ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринган ва бошқа оғир жиноятларни содир этган шахслар эса жазо муддатини тўлиқ ўтайди.
- Кейинги савол сизга ёқмаслиги мумкин. Лекин бу саволни бермаслик мумкин эмас. 2019 йилда президентликка сайланганингиздан сўнг, мамлакатда икки томонлама ҳокимият тизими шакллангани ҳақида хабар тарқалди. Айримлар бизнинг сиёсий тизимимизни Эрон ва Сингапур билан солиштирган. Дарҳақиқат, ўша пайтда мамлакатда икки куч маркази ташкил этилгандек туюларди. Бу ҳақиқатан ҳам содир бўлганми?
- Саволингизга тўғридан-тўғри жавоб бераман. Конституцияга кўра, Президент мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайди, мамлакатимизнинг юқори мансабдор шахсларини, Қуролли Кучлар олий раҳбариятини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади. Шунингдек, Давлат раҳбари мамлакатнинг Олий қўмондони ҳисобланади.
Бироқ, баъзилар қўш ҳокимият тизимини йўлга қўйишга урингани, ҳатто атайлаб ва пухталик билан бу каби ҳаракатларни уюштиргани рост. Сиёсий найрангчилар “Ҳокимият транзити” даврида юзага келган вазиятдан ўз манфаати учун фойдаланиб, қўш ҳокимият марказини яратишга уриндилар. Мамлакатимизда Президент ва Олий Бош Қўмондон лавозими битта, собиқ Президент эгаллаб турган Хавфсизлик Кенгаши Раиси лавозими битта эди. Бу икки лавозим эгалари бир вақтда хизмат қилганлар. Охир-оқибат, бу ҳолат ҳокимиятда жиддий қаршиликларга сабаб бўлиши аниқ эди.
Юмшоқ қилиб айтганда, бу ҳолат январь инқирозига олиб келган шартлардан бири эди. Чунки муросага келган бузуқ ниятлилар ўзлари ўйлаб топган қўш ҳокимият, яъни “тандем” ғоясини улуғлаб, ундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлдилар. Эсингизда бўлса, айрим амалдорлар, жумладан, собиқ Адлия вазири ҳам Елбасы мақоми бўйича Президентдан юқори, деб айтган эди. Баъзи амалдорлар баъзан у, баъзан бу кабинет атрофида айланиб юрган. Улар ўйнабюриб, ўт босдилар. Кейинроқ мен Нурсултон Абишули Назарбоевга унинг яқин сафдошларининг сиёсий найранглари мамлакатни деярли вайрон қилганини очиқ айтдим.
Ҳар ҳолда, мамлакатда катта ёки кичик президент бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайман. “Кетдингми – ортга қайтма!”. Келажакда давлат бошқарувида бўладиган фуқаролар бу ҳолатдан сабоқ олиб, бундай ишлардан узоқ бўлиб, фақат давлат манфаатларини, жамият равнақини ўйлашлари керак.
Афсуски, ички сиёсий инқироз юзага келган танқидий соатда асосий ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг ниқоблари олиб ташланди, уларнинг касбий қобилиятсизлиги, қолаверса, хиёнати фош этилди.
Конституция асосида ишлайдиган барқарор ва самарали давлат институтлари тизимини яратиш зарурлиги январь воқеасидан маълум бўлди. Бир эл бўлиб бу инқирозни енгиб чиқдик, қийинчиликка қрши тура олдик ва ҳатто кучлироқ чиқдик. Фуқароларимизнинг мустаҳкам бирлиги ва барча даражадаги ҳокимият вакилларининг мардонавор ҳаракатлари туфайли биз ҳалокатни орқага қайтаришга, мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлдик. Кейинроқ тергов жараёнида айрим бузуқ нятлилар мураккаб пайтда халқ бирлаша олишини, мутасаддиларнинг ҳар қандай хавф-хатарга иккиланмасдан бардош бера олишини кутмаганликларини тан олишди.
- Январь воқеасидан кейин туб сиёсий ислоҳотларни амалга оширишга киришдингиз. Ғарб ҳам буни тан олади. Ўтмишга қайтмаймиз, дейиш мумкинми? Қайта қайтмаслигимизга қандай кафолат бор?
— Сиёсий ислоҳотлар 2019 йилдан бошланганини айтиб ўтдим. Ўшанда Миллий жамоатчилик ишонч кенгаши ташкил этилган эди. Кенгашда муҳим қонунчилик ташаббуслари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. “Сайлов тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Парламент тўғрисида”ги қонунларга жиддий ўзгартиришлар киритилди. Мамлакатимизда биринчи марта олигополия диктатураси очиқ муҳокама қилина бошлади.
Бу ўзгаришлар сиёсий ва иқтисодий монополиялар ҳукм сураётган пайтда мазза қилаётганларга таҳдид солди. Шундай қилиб, улар соатни орқага қайтариш ва эски кунларга қайтиш учун курашадилар. Ундан ҳеч нарса чиқмади.
Январь воқеасидан кейин баъзилар "энди расмийлар назоратни кучайтиради ва режимни сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилади" деб қўрқишган. Аммо биз бунинг аксини қилдик. Гарчи қийин бўлса-да, биз тўғри йўлни танладик.
Сиёсий модернизация жараёни 2022 йилда янги суръатда давом этди. Ислоҳотнинг асосий вазифаларидан бири энг адолатли ва мувозанатли сиёсий тизимни яратиш эди. Қолаверса, отнинг бошини орқага буриш, яъни сиёсий ўзгаришлар ортга қайтмаслиги, шу билан бирга ислоҳотлар жамият ҳаётида оддий ҳодисага айланиши учун шароит яратиш муҳим эди. Шу боисдан ҳам конституциявий ислоҳот доирасида ортга тортувчиларга бир қатор чекловлар қўйилди.
Биз, биринчи навбатда, Конституция устунлигини таъминловчи ва конституциявий назоратни амалга оширувчи олий орган – Конституциявий судни тикладик. Айримларга фақат Конституциявий кенгаш номи ўзгаргандек туюлиши мумкин. Дарҳақиқат, унинг мазмуни тубдан ўзгарган.
Конституциявий суд қарорларини ҳеч ким бекор қила олмайди. Президент ўз қарорларини, шу жумладан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари билан боғлиқ қарорларини шубҳа остига қўйишга ҳақли эмас.
Асосий қонунга киритилиши мумкин бўлган ҳар қандай ўзгартириш ва қўшимчалар Конституциявий суднинг ижобий хулосаси бўлган тақдирдагина республика референдумига ёки Парламент кўриб чиқишига қўйилади.
Маълумки, Конституциявий судда ўн бир нафар судя фаолият юритади. Улардан олтитаси, яъни кўпчилик Парламент палаталари томонидан тайинланади. Раис Президент томонидан тайинланса-да, Сенатнинг розилиги талаб қилинади.
Иккинчидан, асосий тамойиллар Конституцияда аниқ белгиланган ва доимий равишда мустаҳкамланган. Масалан, Асосий Қонуннинг 91-моддасига мувофиқ, давлатнинг мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлиги, уни бошқариш шакли, республика фаолиятининг асосий тамойиллари ҳамда шу ўринда алоҳида таъкидламоқчиман, бу қоида Президент фақат бир марта етти йил муддатга сайланади, деган қоида ҳеч ўзгармайди.
Учинчидан, ислоҳотлар натижасида Мажилис янги сайлов тизимида, яъни партиялар рўйхати ва бир мандатли сайлов округлари орқали ташкил этилади. Мажилис ваколатлари ҳам сезиларли даражада кенгайтирилди.
Бир сўз билан айтганда, эски тизим барҳам топди. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, Қозоғистондаги сиёсий ислоҳотлар нафақат тизимли, балки тубдан ва орқага қайтмас эди. Бу мамлакатимиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки миллатнинг сиёсий онги тубдан ўзгарди. Халқнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва фаоллиги демократик тикланишнинг асосий кафолатига айланди. Очиғини айтганда, халқнинг ўзи уларнинг орқага қайтишига йўл қўймайди ва юртга янги шодлик олиб келган бу ўзгаришларни қатъий ҳимоя қилади. Мен бунга аминман.
- Бироқ ҳокимиятни танқид қилаётганлар, жумладан, Ғарб вакиллари ҳам Қозоғистонда сиёсий маҳбуслар бор эканини айтишади. Бунга нима дейсиз?
— Сиёсий таъқиб бор, дейиш учун цензура, махсус қонунлар, жазоловчи органлар бўлиши керак. Замонавий Қозоғистонда буларнинг ҳеч бири йўқ. Қонунчилигимизда фуқароларни сиёсий қарашлари учун таъқиб қилишга асос бўладиган бирорта фармон, бирорта қонун, бирорта меъёрий ҳужжат мавжуд эмас.
Аксинча, ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими мустаҳкамланди. Қонунларга судяларнинг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартиришлар киритилди. Коллегия судьялари томонидан кўриб чиқиладиган ишлар кўлами кенгайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти тўлиқ ишламоқда. Унга конституциявий мақом берилди. Ўтган йилнинг декабрь ойида мен инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Фармонни имзоладим. Буларнинг барчаси бу соҳада изчил ва туб ўзгаришлар амалга оширилаётганидан далолат беради.
Қонуннинг мукаммал ижро этилишини, тартиб-интизомга қатъий риоя этилишини тўлиқ таъминлаш давлатнинг асосий вазифаларидан биридир. Шу боис қонунни бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилади. Фуқароларнинг мафкуравий позицияси ва сиёсий қарашлари эса ҳуқуқ-тартиботни сақлаш масаласига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Қонун ҳамма учун баробардир.
Айримлар прокуратуранинг огоҳлантиришларига қарамай, тушуниб бўлмас ноиложлик кўрсатиб, қонунни бузмоқда. Афтидан, бундайлар ўзларини қонундан устун қўйиб, “Номинг чиқмаса, ерга ўт қўй” позицияси билан эл-юртга машҳур бўлишни истайди.
Мустақил оммавий ахборот воситалари кўп, сиёсий цензура бўлмаган давлатда сиёсий таъқиб бор, дейиш қанчалик асосли?
Юмшоқ қилиб айтганда, янги қонун қабул қилиниб, тинч йиғилиш ўтказиш учун рухсат олиш ўрнига ҳисобот бериш тартиби жорий этилгач, Қозоғистонда тинч йиғилишлар сони бир неча баробар ошди.
Мулоқот учун махсус яратилган жойларда, энг аввало, Парламентда масалаларни маданиятли, вазмин тарзда муҳокама қилиш зарурлигини доим айтаман.
Айни пайтда Парламентда турли нуқтаи назарга эга жамият вакиллари манфаатларини ифодаловчи кўплаб сиёсий кучлар фаолият юритмоқда. Парламент мухолифати институти қонун билан тасдиқланди.
Охирги сайловда Мажилисга олти партия кирди. Улардан учтаси биринчи марта депутатлик мандатига эга бўлди. Парламентда ўтирган партиялардан биттаси – аввалдан мухолифат ташкилоти.
Кўпгина хорижлик эксперт ва ҳамкасблар, жумладан, Ғарб давлатларидан келган мутахассислар Қозоғистондаги демократик ислоҳотлар илғор намуна эканини таъкидлаб, уни қўллаб-қувватламоқда. Дарҳақиқат, биз геосиёсий муҳитимизда улкан демократик ўзгаришларни амалга оширган ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта муваффақиятларга эришган ягона давлатмиз.
— Ижтимоий тармоқларда Президент Конституция бўйича референдум ўтказиб, 2026 йилда қайта сайланишни режалаштираётгани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Бу ростми?
- Бу - ёлғон маълумот. Бундан буён ҳар ким ўзи хоҳлаганини қила олмайди ва Конституцияга ўзгартириш кирита олмайди. Бундай муҳим масалага келганда, бу ҳатто мумкин эмас. Мен бунга қатъий ишонаман. Конституциявий ислоҳот Конституцияга ўзгартириш киритишни давом эттириш учун мўлжалланмаган.
Президент фақат бир марта сайланиши мумкинлиги ҳақидаги қоида бошқа ҳеч қачон ўзгармайди. Бу талаб давлатимизнинг мустақиллиги, бирлиги, ҳудудий яхлитлиги ва бошқарув шакли ҳақидаги меъёрлар каби мустаҳкам ўрнатилган.
Ниҳоят, бу мавзу муҳокама қилинди, мен билан боғлиқ бўлган баъзи масалаларга батафсил тўхталиб ўтсам ва фактларни очиб берсам. Мен 15 йил олдин ёпиқ муҳокамаларда битта етти йиллик муддат ғояси ҳақида гапирган эдим. Ўшанда бу таклиф кўп қўллаб-қувватланмади. Президентликка сайланганимдан сўнг бу ташаббуснинг ижобий ва салбий томонларини тарозига солиб, уни қандай амалга ошириш ҳақида кўп ўйладим.
2022 йилда Конституцияга бир қатор муҳим ўзгартиришлар киритилиб, суперпрезидентлик ваколатлари бекор қилинди. Кейин мен етти йиллик муддат ғоясини қайтадан киритдим. Менинг ташаббусимни бутун халқ қўллаб-қувватлади. Бу билан гап тамом.
- Келинг, иқтисод ҳақида гапирайлик. Сиз ўтган йилги мурожаатингизда “Адолатли Қозоғистон”нинг янги иқтисодий йўналишини эълон қилган эдингиз. 2029 йилга бориб миллий иқтисодиёт ҳажмини икки бараварга ошириб, 450 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Аммо, агар Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки прогнозларига ишонадиган бўлсак, 2023-2024 йилларда мамлакат иқтисодиётининг ўсиши 3-4 фоиздан ошмайди. Шу тезликда мақсадга эриша оламизми?
- Албатта, бу амалга ошиши мумкин бўлган мақсад. Халқаро валюта жамғармаси экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил охиригача Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти жорий нархларда 259 миллиард доллардан ошади, яъни 2022 йилга нисбатан 15 фоизга ошади. Бу Марказий Осиёдаги энг юқори пул ўсишидир. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳам ўсиб бормоқда. Ўтган йили бунинг тахминий кўрсаткичи деярли 13 минг долларни ташкил этди.
Унинг йиллик ўсиши 1,6 минг долларни ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра, 2028 йилга бориб бу кўрсаткич ўттиз фоиздан ошиб, 16,8 минг долларни ташкил этади.
Дарҳақиқат, мен учун макроиқтисодий кўрсаткичлар унчалик муҳим эмас, фуқароларнинг ҳаёт сифатини амалда яхшилаш муҳимроқдир.
“Яхши сўз – ярим мол”, дейди халқимиз. Ҳукумат иқтисодиётни бошқаришнинг янги усулларидан фойдалана олса, юқорида айтилган яхши башоратлар амалга ошади. Шу муносабат билан иккита асосий йўналишга тўхталиб ўтмоқчиман.
Аввало, мамлакатимиз тараққиётига йўл очадиган бир қатор аниқ вазифаларни ҳал этиш зарур. Ана шундай вазифалардан бири йирик саноат лойиҳаларини амалга оширишдир. Сентябрь ойидаги Мурожаатномада Ҳукуматга ана шундай лойиҳаларни аниқлаш ва инфратузилмани ривожлантириш режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бу лойиҳалар йирик бизнес вакиллари, институционал инвесторлар ва экспертлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда.
Яна бир муҳим вазифа сармоя жалб қилишдир. Хусусийлаштириш ва активларни тиклаш кампаниялари ҳам бу вазифани бажаришга ёрдам беради. Катта сармоя киритилса, иқтисодиёт тезлашади ва янги имкониятлар пайдо бўлади. Шу муносабат билан яқинда Инвестиция штабини ташкил этиш тўғрисидаги Фармонни имзоладим. Мазкур штабга мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, инвеститсия лойиҳаларини сифатли амалга ошириш борасида кенг ваколат берилган.
Иккинчи йўналишдаги ишлар иқтисодиётнинг барча жабҳаларида “ўйин тартиби”ни ўрнатадиган тизимли ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирларини ўз ичига олади.
Менинг номимдан Ҳукумат давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқиш имконини берувчи янги Солиқ кодексини ишлаб чиқмоқда. Солиқ тизимини такомиллаштиришда фақат тўловларни ундириш усули билан чекланиб қолмаслик жуда муҳимдир. Бир томондан, инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилиши керак. Бошқа томондан, бюджет даромадларининг камайиб кетмаслигини таъминлаш муҳим. Яъни, тарозилар тенг бўлиши керак.
Янги Бюджет кодекси ҳам энг муҳим ҳужжатлардан биридир. “Ғазна маблағлари”га муносабатимизни ўзгартиришимиз, уларни самарали, тўғри ва тежаб сарфлашимиз керак.
Бунда давлат харидлари ва давлат-хусусий шерикликни тартибга солувчи янги қонунлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжатлар давлат харидларининг шаффофлигини ҳам таъминлайди. Иқтисодиётни ривожлантириш учун зарур бўлган маблағларнинг шаклланишига ҳам ҳисса қўшади.
Квазидавлат сектори самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратиш лозим. Эндиликда ушбу соҳани модернизация қилиш чора-тадбирлари белгиланиб, амалга оширилмоқда.
Саволингизга жавоб берар эканман, қуйидаги масалага тўхталиб ўтмоқчиман. Шубҳасиз, дунёдаги иқтисодий вазият мамлакатимизга ҳам таъсир қилади. Бироқ, ҳар бир қийинчилик янги имкониятлар эшигини очади. Ҳукумат шамол қаёқдан эсса, елканини оптимал тарзда айлантира олиши учун пухта ўйланган режага эга бўлиши керак. Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш чора-тадбирлари ва таркибий ўзгаришлар билан бирга олиб борилиши керак. Аниқроқ айтадиган бўлсак, тадбиркорлик ва рақобатни ривожлантириш, шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш ва адолатли адолатни таъминлаш жуда муҳимдир. Шундагина биз барча мақсадларимизга эришамиз ва белгиланган муддатда миллий иқтисодиёт ҳажмини икки баробарга ошира оламиз.
– Кредитини тўлай олмаётган фуқаролар газетамизга тез-тез ёзиб, қўнғироқ қилишади. Умуман олганда, одамларнинг қарзи жиддий муаммо. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун нима қилинмоқда?
— Фуқароларимиз қаттиқ қарзга ботганидан жуда хавотирдаман. Чунки бу муаммо бевосита одамларнинг ижтимоий аҳволига, мамлакатдаги молия тизимининг барқарорлигига таъсир қилади. 2019 йилда Давлат раҳбари сифатида имзолаган дастлабки ҳужжатлардан бири оғир аҳволда қолган фуқароларнинг қарзини камайтириш тўғрисидаги Фармон бўлди. Ўшанда 500 минг гаровсиз кредитлар кечирилган. Бу бир марталик воқеа эди. 2023 йилда жисмоний шахсларнинг банкротлиги тўғрисидаги қонун кучга кирди. Буларнинг барчаси муаммонинг ёмонлашмаслигига ёрдам берди. Бу ҳолатни тубдан ўзгартириш мақсадида ўтган йилги Мурожаатимда Ҳукуматга янги чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқ бергандим.
Асосан, бу ҳолат одамларнинг молиявий саводхонлиги пастлигидан келиб чиқади. Бошқа томондан, истеъмол кредити бериш тартиби ва коллектор ташкилотлари фаолияти қатъий тартибга солиниши керак.
Бунинг учун аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, кейинги йилларда банклар ва микрокредит ташкилотлари учун истеъмол кредити капитали миқдорига қўйиладиган талаблар беш баробар оширилди. Муддати ўтган қарзи бор фуқароларга кредит бериш тақиқланди. Шунингдек, қарзини ўз вақтида тўламаган қарздор 90 кундан ортиқ жаримага тортилиши мумкин эмас. Коллектор идоралари мунтазам равишда текширилади.
Қарздорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида кредитлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ишлаб чиқилди. Бу ўзгаришлар банклар, микрокредит ташкилотлари ва коллектор агентликларга янада кўпроқ босим ўтказади. Кредитларни коллектор компанияларга сотишни чеклаш тавсия этилади. Коллектор компаниялар қарзни ўз зиммасига олгандан кейин муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилишлари шарт. Банк омбудсманининг ваколатлари ҳам кенгайтирилади. Эндиликда мазкур ҳужжат Парламент депутатлари томонидан кўриб чиқилмоқда. Мен бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрман.
— Ҳозир кўпчилик юртдошларимизни нархларнинг ошиши, тарифларнинг кўтарилиши, ишсизликнинг оғирлашиб бораётгани ва ҳудудлардаги умумий вазият ташвишга солмоқда. Кундалик шовқин-суронга дош беролмаётган ҳозирги Ҳукуматнинг стратегик вазифаларни амалга ошириш имконияти борми? Ҳукумат фаолияти самарадорлигини қандай баҳолайсиз?
– Ҳар қандай давлат Ҳукумати стратегик вазифаларни ҳам, кундалик ишни ҳам бажаради. Бизда ҳам худди шундай. Энг муҳими, самарали режалаштириш ва ресурслардан оқилона фойдаланишдир.
Ҳукуматнинг амалдаги таркиби фақат ўтган йилнинг баҳорида тузилган эди. Конституциявий ислоҳот ва Парламент сайловларидан кейин ҳам аввалги Парламентнинг ҳам, Ҳукуматнинг ҳам мандати бекор қилинди. Конституцияга кўра, собиқ Ҳукумат янги сайланган Мажилис депутатлари олдидаги ваколатини тўхтатди. Сайловда энг кўп овоз олган «Amanat» партияси Бош вазир номзодини илгари сурди. Албатта, партия буни Президент билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширганини яширмайман. «Amanat» партияси сайловолди платформасининг иқтисодий қисми амалдаги Ҳукумат дастуридан келиб чиқиб яратилган.
Бугунги кунда Ҳукуматнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайди. Сентябрь ойида тузилмаси ўзгартирилган Президент Администрациясида асосий эътибор мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ стратегик йўналишларга қаратилди. Эндиликда Администрация Ҳукуматга, айрим вазирлик ва идораларга аввалгидек раҳбарлик қилмаяпти. Президент Администрацияси ижро ҳокимияти фаолиятига аралашмайди ва фақат асосий сиёсий штаб сифатида ишлайди. Бунгача иккала органнинг юрисдикциясида бўлган бир қатор ваколатлар Ҳукуматга ўтган эди. Турли соҳаларда қарор қабул қилиш ҳуқуқи Ҳукумат ва бошқа масъул органларга ўтказилди. Ҳудудларнинг бюджетга нисбатан автономияси ошди.
Бир сўз билан айтганда, эндиликда Ҳукуматда самарали меҳнат қилиш учун етарли имкониятлар мавжуд. Ижро этувчи ҳокимиятга зарур бўлган барча нарса – пухта ўйланган ҳаракат стратегияси ва ўз вазифаларини самарали бажариш учун ирода. Мустақиллик ва қўшимча ваколатлар олишга интилаётган Ҳукумат ўзи хоҳлаган нарсага эришди. Лекин “олмоқнинг ҳам салмоғи бор”, уларга талаб ҳам ошди. Ҳукумат буни тушуниши керак.
– Мамлакат ёқилғи-энергетика комплекси ва коммунал соҳанинг узлуксиз ишлашини таъминлаш Ҳукуматнинг бурчидир. Айтиш мумкинки, ҳозирги Ҳукумат бу вазифани аранг бажармоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларидаги аҳоли пунктларини зудлик билан қиш мавсумида иссиқлик, ёруғлик, сув билан таъминлаш, офат оқибатларига қарши курашишимиз керак. Бундай вазият қандай шаклланди?
– Иссиқлик электр марказлари ва уй-жой коммунал хўжалигидаги нохуш ҳолат кўп йиллик эътиборсизлик натижасидир. Бу соҳадаги муаммолар бир кечада пайдо бўлмади. Маълумки, буларнинг барчаси йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолардир. Ҳудудлардаги иссиқлик марказлари ва бошқа ускуналарнинг 80 фоизи тўлиқ эскирган. Ўтган йилларда коммунал соҳага йўналтирилган маблағлар ушбу тармоқ эҳтиёжларини қондириш учун етарли бўлмаган.
Ижтимоий тармоқларда ўзини фожиа қилиб кўрсатиб, иссиқлик таъминотидаги кичик бўшлиқни “фожиа қилишга” уринаётган фаоллар оловга мой сепиб, мамлакатда ваҳима уйғотмоқда.
Қозоғистон бўйлаб муҳандислик инфратузилмасини тўлиқ модернизация қилиш жуда катта ва мураккаб вазифадир. Бу муаммо босқичма-босқич ҳал қилинмоқда. Баҳор ва ёз ойларида Ҳукумат ва ҳокимликлар томонидан иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Аҳволи оғир бўлмаган бир қанча объектларни таъмирлади.
Аввало, жиддий бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва уйларни иссиқлик билан узлуксиз таъминлаш керак. Лекин шуни унутмаслик керакки, янги энергия манбаларини очиш, тармоқларни босқичма-босқич янгилаш ва бутун коммунал соҳани модернизация қилиш асосий вазифадир.
Ҳозир иссиқлик тармоқлари зўрға ишлаяпти. Ҳукумат ва ҳокимликлар дадил ҳаракат қилиб, зудлик билан зарур чораларни кўришлари керак. Бусиз бўлмайди.
– Буларнинг барчаси мамлакатимизда энергия хавфсизлигини таъминлаш объектлари ҳолати қониқарли эмаслигини билдиради. Сиз ўз нутқингизда атом электр станциясини қуриш ёки қурмаслик масаласи умумхалқ референдуми орқали ҳал қилинишини таъкидладингиз. Атом электр станциялари “яшил” энергия ҳисобланса-да, жамиятда бу ҳақда турлича фикрлар мавжуд. Бундай иншоотни қуриш режаси геосиёсий асосдан холи эмас. Сизнинг позициянгиз қандай?
– Қозоғистон учун тоза атом энергияси катта аҳамиятга эга. Бу, айниқса, мамлакат иқтисодиётининг келажагига бевосита дахлдор муҳим масала. Биз табиий уран қазиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаймиз. Ядро ёқилғи компонентларини ҳам ўзимиз ишлаб чиқарамиз. Шу боис мамлакатимиз ҳудудида атом электр станцияси қуриладиган жойга алоҳида эътибор қаратаман. Пировардида, энергия хавфсизлиги масаласини геосиёсий манфаатлар эмас, балки реал эҳтиёж ва имкониятлар нуқтаи назаридан кўриб, илмий изланишлар асосида ҳал қилиш мақсадга мувофиқдир.
Мамлакатда АЭС қурилишига кескин қарши чиққанлар ҳам бор. Бу тушунарли. Семей ядро полигонининг даҳшатларини кўпчилик унутмаган. Эҳтиёткорлик билан эътибор талаб қиладиган бошқа мураккабликлар мавжуд. Масалан, лойиҳанинг нархи ва атроф-муҳитга таъсирини истисно қилиб бўлмайди.
Шу боис, ушбу ташаббуснинг аҳамиятини инобатга олиб, АЭС қуриш масаласини умумхалқ референдумига қўйишни таклиф қилдим. Халқимиз учун ўта муҳим бўлган бундай қарорларни фақат референдум орқали қабул қилиш мумкинлиги 2019 йилги сайловолди дастуримда аниқ қайд этилган эди. “Халқ овозига қулоқ соладиган давлат” тушунчаси, “Адолатли Қозоғистон” тамойилларини амалда татбиқ этишни англатади.
Келгусида яна кўплаб оммавий муҳокамалар бўлади. Фуқаролар референдумда овоз бериш чоғида АЭС қурилиши тарафдори ёки қарши бўлган экспертларнинг изчил фикрларини ўйлаб, кўриб чиқиб, қарор қабул қилиши керак. Атом электр станциясини қуриш ёки қурмасликни халқ ҳал қилади.
– Ўтган йили ташқи сиёсат соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қозоғистон турли саммит ва форумларда имкон қадар жиддий ўз позитсиясини билдира олди. Жаҳон миқёсидаги етакчилар билан кўп учрашувлар ўтказгансиз. Хусусан, минтақавий “C5+” учрашувларининг аҳамияти ошди. Буларнинг барчасига жаҳон дипломатиясидаги обрў-эътиборингиз маълум даражада ҳисса қўшгани аниқ. Яқин келажакда ташқи сиёсатимизда қандай муҳим воқеалар юз беради?

– Қозоғистон самарали ва оқилона ташқи сиёсат юритиб, ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилади ва ўз олдига қўйган стратегик вазифаларни амалга оширади. Бизнинг ўзгармас мақсадларимиз бор. Бу мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, Қозоғистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишдир. Ўн йил Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаганимда ана шу устувор йўналишларни белгилашда бевосита иштирок этганман. Ҳозирги нотинч геосиёсий вазиятда барча хорижий шерикларимиз, айниқса, қўшниларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Сиз "C5+" модели интеграциясининг долзарблиги ортиб бораётганини тўғри тушундингиз. Марказий Осиё жадал ривожланаётган, геосиёсий вазиятга ўз нуқтаи назарига эга минтақадир. Бугунги кунда бу ҳудуд савдо, сармоя, бизнес ва инновациялар учун янги имкониятлар маскани ҳисобланади. Шунинг учун ҳам дунё мамлакатлари Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратмоқда. “C5+” модели муҳим мулоқот платформасига айланди.
Ўзаро ишончга асосланган барқарор ва юқори даражадаги мулоқотларсиз минтақа давлатларининг бошқа нуфузли давлатлар билан алоқаларини жадал ривожлантириш мумкин эмас эди. Сўнгги йилларда бу борада муайян ютуқларга эришилди. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг йиллик маслаҳат учрашувлари самарали ўтказилмоқда. Айтганча, Қозоғистон раис сифатида бу йил ҳам шундай учрашув ташкил қилади. Ҳозиргина 2024 йилда мамлакатимиз минтақавий ва халқаро миқёсдаги қатор нуфузли ташкилот ва бирлашмаларга раислик қилишини айтиб ўтдим.
Яна бир муҳим воқеа Астана халқаро форумидир. Жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган коллегиал йиғилишда кўплаб жаҳон етакчилари ва глобал компаниялар раҳбарлари иштирок этади. Йиғилишда иқлим ўзгариши, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергия хавфсизлиги каби барча мамлакатлар учун умумий масалалар муҳокама қилинади.
БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Франция билан биргаликда «One Water Summit» халқаро форумини ўтказиш тўғрисидаги келишув катта аҳамиятга эга. Ушбу йиғилиш иқлим ўзгариши бўйича глобал ҳаракатга катта ҳисса қўшади.
- Россияда президентлик сайловлари 2024 йилнинг март ойида бўлиб ўтади. Сизнингча, бу воқеа жаҳон ва минтақадаги вазиятга қандай таъсир қилади?
– Бу йил нафақат Россияда, балки АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларда ҳам сайловлар ўтказилади. Европа Парламенти депутатлари ҳам сайланади. Албатта, биз бу сайлов кампанияларини диққат билан кузатиб борамиз.
Россиядаги президентлик сайловлари биз учун жуда муҳим эканлигига шубҳа йўқ. Чунки Астана ва Москва муносабатлари жуда юқори даражада. Россия Қозоғистоннинг асосий ҳамкори ва иттифоқчиси эканлиги ҳаммага аён. Ўтган ўттиз йилда давлатлараро муносабатлар асослари мустаҳкамланди. Икки давлат ўртасида 300 дан ортиқ шартнома ва битимлар имзоланган. Барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик механизмлари ишламоқда. Олий даражадаги сиёсий мулоқот жадал ривожланмоқда. Биз кўп томонлама тузилмалар доирасида, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва халқаро хавфсизликни таъминлаш жараёнида ҳамкорликда ҳаракат қиламиз.
Ўтган йили Владимир Путин Қозоғистонга расмий ташриф билан келган эди. Бу икки томонлама муносабатларни жонлантирган асосий воқеалардан бири бўлгани аниқ. Музокаралар чоғида давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва муносабатлар чинакам дўстлик моҳиятидан четга чиқмаслигига яна бир бор ойдинлик киритдик.
Россия Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий шериги ҳисобланади. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилнинг 10 ойида 21,4 миллиард долларни ташкил қилди. Айтиш жоизки, бизнинг чегарамиз қуруқликдаги энг узун чегара ҳисобланади.
Фан-таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга доимо алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йил буюк рус шоири Александр Пушкин таваллудининг 225 йиллиги нишонланади. Бу нафақат Россия, балки Қозоғистон учун ҳам муҳим воқеа. Чунки Пушкин ҳам Ҳаким Абай каби икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларнинг асосий тимсолларидан биридир.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, Россия Федерацияси жаҳон сиёсатида жуда муҳим рол ўйнайди ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланади. Россия президенти Владимир Путин глобал иқлимга сўз билан ҳам, амали билан ҳам таъсир ўтказувчи шахс. Ҳеч кимга сир эмаски, бутун дунё Россиянинг позициясини ҳисобга олади. Дунёдаги ҳеч бир муаммони бу давлат иштирокисиз ҳал қилиб бўлмайди. Бу кундек равшандир.
Шу боис Россиядек гигант давлатда Президент сайловининг халқаро аҳамияти ҳамиша юқори ва дунёнинг кўплаб давлатлари бунга эътибор қаратмоқда.