Бишкекда ШҲТ давлатларининг халқаро тиббиёт конгресси бўлиб ўтмоқда

Бишкекда ШҲТ давлатларининг халқаро тиббиёт конгресси бўлиб ўтмоқда
Фото: ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

BISHKEK. Кazinform - 27-29 март кунлари Бишкек шаҳрида ШҲТ давлатларининг Халқаро тиббиёт конгресси ўз ишини бошлади.

Конгрессда ШҲТга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари, ШҲТга аъзо давлатлар ва бошқа давлатларнинг кардиология, ички ва тоғ тиббиёти соҳасидаги етакчи олим ва мутахассислари, ёш олимлар, олий таълим муассасалари вакиллари ва илмий ташкилотлар, ШҲТ давлатларидан миллий илмий ва тиббиёт марказлари ходимлари, халқаро ташкилотлар, жумладан, ЖССТ вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирни очган Қирғизистон Республикаси кабинети раиси – Президент Администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров соғлиқни сақлашни ривожлантириш Қирғизистон учун устувор йўналишлардан бири эканлигини таъкидлади.

Бишкекда ШҲТ давлатларининг халқаро тиббиёт конгресси бўлиб ўтмоқда
Фото: ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

 

“ШҲТга аъзо давлатлар иштирокидаги бундай кенг кўламли конгресс мамлакатларимиз ўртасидаги тиббий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги биринчи қадам бўлади. Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик тиббиёт фани ва амалиёти ривожига, тиббиёт мутахассислари малакасини оширишга, шунингдек, барча фуқаролар учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти ва сифатини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим интеграция воситасидир, – деди О.Жапаров.

Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев ўз нутқида халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидлади.

“Биз соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим масалаларни муҳокама қилиш, аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш учун йиғилганмиз. Юрак-қон томир ва юқумли бўлмаган касалликларга қарши кураш турли мамлакатлар вакилларини бирлаштирган умумий мақсаддир. Ишончим комилки, ҳамжиҳатлигимиз, билим алмашишимиз ана шу муаммоларга қарши курашда кучли восита бўлади. Қирғизистон кардиология, кардиожарроҳлик ва ички касалликлар бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини жонлантириш ва замонавий илмий кластерларни яратишга интилмоқда. Бу диагностика ва даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқиш, тиббий амалиёт самарадорлигини ошириш ва ўлим даражасини пасайтириш имконини беради ва ниҳоят, халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш муҳимлигини алоҳида таъкидлашимиз керак”, — деди у.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Қирғизистонда 2021 йилда юрак-қон томир касалликларидан ўлим даражаси 52,3 фоизни, умумий юқумли бўлмаган касалликларидан эса 80 фоиздан ортиқни ташкил қилган. Юрак-қон томирлари касалликларидандан ўлим кўпинча юракнинг ишемик касалликлари, шу жумладан мииокард инфаркти, артериал гипертензия, юрак аритмиялари ва сурункали юрак етишмовчилиги туфайли юзага келади.

Мутахассислар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо мамлакатларда ўлим ва ногиронлик кўрсаткичлари юқори бўлганлиги сабабли юрак-қон томир ва юқумли бўлмаган касалликлар ҳам жиддий муаммо эканини таъкидлади.

Сўнгги хабарлар