Бельгия БМТ Бош Ассамблеясида Фаластинни расман тан олади
ASTANA. Kazinform – Бельгия ҳукумати БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Фаластинни расман тан олади ва Исроил ҳукуматига нисбатан қатъий санкциялар жорий этади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Максим Прево X ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Бельгия ТИВ тарқатган маълумотга кўра, бу қарор Фаластинда, айниқса Ғазо секторидаги гуманитар инқироз ҳамда халқаро ҳуқуққа зид бўлган Исроил ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолда қабул қилинган. Мамлакат раҳбарияти бундай қадам Исроил халқига эмас, балки унинг ҳукуматига босим ўтказишга қаратилганини таъкидлади.
Қайд этилишича, миллий миқёсда 12 та қатъий санкция, жумладан, қуйидагилар жорий этилади:
Исроил манзилгоҳга айлантирган жойлардан маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлаш;
Исроил компаниялари учун давлат харидлари сиёсатини қайта кўриб чиқиш;
халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний деб ҳисобланган манзилгоҳларда яшовчи бельгияликларга консуллик ёрдамини чеклаш;
эҳтимолий суд таъқиби, парвозлар ва транзитни тақиқлаш;
экстремистик кайфиятдаги Исроил вазирлари, зўравонликка мойил бир нечта киши ва ХАМАС етакчиларини Бельгияда «persons non grata» рўйхатига киритиш.
Европа даражасида Исроил билан ҳамкорликни тўхтатиш бўйича чораларни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, Европа Иттифоқи билан ассоциация тўғрисидаги битимнинг амал қилишини тўхтатиш, тадқиқот дастурларини, техник ҳамкорликни тўхтатиш ва бошқалар.
Бельгия, шунингдек, Фаластинни тан олишда Франция ва Саудия Арабистонининг қўшма ташаббусига таянади.
Расмий маълумотга кўра, Фаластинни тан олиш тўғрисидаги ҳужжат Подшоҳ фармони билан расмийлаштирилади. Бу жараён «7 октябрь воқеаларидан кейинги охирги асир озод этилганда ва ХАМАС Фаластин ҳудудида бошқарувни тўлиқ тўхтатганда» амалга оширилади.
Шу билан бирга, Бельгия Фаластинни тиклашда фаол иштирок этишини ва антисемитизмга қарши чораларни кучайтиришини билдирди.