Банкларни иқтисодий лойиҳаларни молиялаштиришга ундайдиган механизм керак – эксперт

Юлий Юсупов
Фото: Юлия Юсуповнинг шахсий архивидан олинган

ASTANA. Kazinform - Иқтисодий лойиҳаларни молиялаштиришга банкларни жалб қилишнинг рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш зарур. Бу фикрни таниқли ўзбекистонлик иқтисодчи олим, Иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлаш маркази директори Юлий Юсупов Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон халқига Мурожаатномасида билдирган ташаббусларини шарҳлаш асносида билдирди. Бу ҳақда Кazinform агентлиги мухбири хабар беради.

– Мурожаатномада Президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан билдирилган ташаббуслар қаторида давлат харажатларини камайтириш таклифига алоҳида эътибор қаратдим. Бу, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим масала. Мамлакатимизда давлат харажатлари Қозоғистонга нисбатан икки баробар кўп. Бу ерда биз катта аҳолини ҳисобга олишимиз керак. Унутмаслигимиз зарур: давлат қанча кўп харажатларга эга бўлса, уларни қоплаш учун хусусий сектордан шунча кўп пул олинади. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик ривожига, мамлакат иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўлади, — деди иқтисодчи.

Сўнгра Юлий Юсупов Президент Қ.Тоқаевнинг солиқ сиёсатини тизимлаштиришга оид ташаббусларига тўхталди. Экспертнинг фикрича, Қозоғистон учун тадбиркорлик соҳасига берилаётган имтиёзларни қайта кўриб чиқиш ва бизнес учун рақобат муҳитини яратишни бошлаш муҳим.

— Солиқ имтиёзлари муаммоси Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Шу боис Қасим-Жомарт Тоқаевнинг бу масалани кўтаргани ўринлидир. Кўпгина бизнес вакиллари имтиёзлар олиш учун кўпроқ имкониятлар мавжуд бўлган фаолият соҳаларини танлайдилар, кейин эса бошқа соҳалар орқада қолади. Улар ўзлари сармоя жалб этиш, бизнесни кенгайтириш ҳақида ўйламайдилар. Шунинг учун имтиёзларни камайтириш мақсадга мувофиқдир, кичик ва ўрта бизнесда рақобат пайдо бўлади; билишимча, Қозоғистонда қайсидир корхона солиқ қарзи бўлса, унинг ҳисоб рақамлари блокланади. Қасим-Жомарт Тоқаев ҳисобларни блокировка қилмаслик, фақат қарз миқдорини чеклаш ва алоҳида тўлаш имкониятини тақдим этиш механизмини тақдим этишни таклиф қилди. Бу ташаббус бизнесни ривожлантириш учун жуда муҳим қадам, деб ҳисоблайман, — деди Ю. Юсупов.

Эксперт яна бир масала – иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириш учун банкларни жалб қилиш масаласини қайд этди. Унинг фикрича, бунинг учун молиявий ташкилотларни рағбатлантириш механизмларини таъминлаш керак.

- Бу ҳақиқатан ҳам долзарб масаладир. Бунинг учун банкларни иқтисодий лойиҳаларни молиялаштиришни рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш зарур. Халқаро тажрибага кўра, бу билан ҳар бир давлатнинг марказий банклари шуғулланиши керак. Хусусан, молиявий регулятор талаб ва қоидаларни тасдиқлаш, зарур механизмларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади, — дея хулоса қилди Юлий Юсупов.

Муаллиф: Муратбек Мақулбеков

Сўнгги хабарлар
telegram