БАА Қозоғистонга 4,3 миллиард доллардан ортиқ маблағ сармоя киритди
ASTANA. Kazinform - Астана халқаро молия маркази (АХММ) Қозоғистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси ва Бирлашган Араб Амирликларининг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси билан ҳамкорликда Абу-Дабида AIFC Connect: Abu Dhabi 2025 бизнес тадбирини ўтказди. Тадбир икки мамлакат ўртасидаги инвестиция ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, Қозоғистоннинг истиқболли лойиҳаларини тақдим этиш ва хорижий компаниялар учун Қозоғистон молия бозори ва АХММ молиявий экотизимининг имкониятларини очишга қаратилган эди.
Бугунги кунда БАА Қозоғистон иқтисодиётидаги энг йирик ўнта хорижий инвесторлар қаторига киради. БААнинг Қозоғистонга киритган инвестицияларининг умумий ҳажми 4,3 миллиард доллардан ошди. Қозоғистонда БААнинг 462 та компанияси фаолият юритади. Ҳамкорлик динамикасини Masdar, Presight, Abu Dhabi Ports Group, Abu Dhabi Commercial Bank ва бошқа компаниялар билан амалга оширилаётган бир қатор муҳим лойиҳалар тасдиқлайди.
Тадбир GWM Capital Ltd ва ITS компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилди ва MENA мамлакатлари ҳудудидаги инвестиция ва молия соҳасидаги муҳим воқеалардан бири сифатида Abu Dhabi Finance Week доирасида бўлиб ўтди. AIFC Connect меҳмонлари орасида инвестиция банклари, молиявий, технология ва консалтинг компаниялари, фонд биржалари, регуляторлар, активларни бошқарувчилар ва бошқа ташкилотларнинг 150 га яқин вакиллари бўлди.
Муҳокамалар Қозоғистондаги истиқболли инвестиция йўналишлари ва инфратузилма лойиҳалари, АХММнинг Марказий Осиё ва Форс кўрфази капитал бозорлари билан интеграциялашув имкониятлари, шунингдек, финтех, инновация ва рақамли активлар соҳасидаги асосий тенденцияларга қаратилди.
БААнинг Қозоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Муҳаммад Саид Ал-Арикий тадбирда фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Қозоғистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Рауан Жумабек Қозоғистон ва БАА ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида сўзлаб берди.
“Қозоғистон ва БАА минтақалар, бозорлар ва маданиятларни боғловчи кўприк мамлакатлари бўлиб, бизнес ва инвесторлар учун ноёб имкониятлар яратади. Бу йил БААдан Қозоғистонга инвестициялар ҳажми кескин ўсишни кўрсатди ва 1 миллиард доллардан ошди. Бу ўтган йилги кўрсаткичлардан 4 баравар кўп. Бундай ижобий тенденция – шунчақи рақамлар эмас, бу Амирликлардаги ҳамкорларнинг Қозоғистонга бўлган юқори ишончининг далили ва бизнинг инвестициявий муҳитимиз катта капитал учун тобора жозибадор бўлиб бораётганининг белгиси”, - деб таъкидлади у.

АХММ директори Ренат Бектуров АХММнинг Қозоғистондаги хорижий компаниялар учун имкониятларни кенгайтиришдаги ролини таъкидлади.
“Биз Қозоғистоннинг Бирлашган Араб Амирликлари билан стратегик ҳамкорлигини юқори баҳолаймиз. Амирликлар сўнгги йилларда энергетика, логистика, молия, технология ва бошқа соҳаларда фаол ривожланиб боряпти. Шу нуқтаи назардан, АХММ халқаро шартномаларни тузиш, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, молиявий бозорларни интеграциялаш учун ишончли платформа бўлиб хизмат қилади - AIXнинг Tabadul марказига уланишидан тортиб, Қозоғистонда дирҳамларда облигацияларни дастлабки жойлаштиришгача. Бугунги кунда бизнинг юрисдикциямизда БААнинг 49 та компанияси муваффақиятли фаолият юритади. Улар молия ва суғурта, ахборот-коммуникация технологиялари, савдо, транспорт, саноат ва бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширадилар. Ишончим комилки, бизнинг иқтисодий ҳамкорлигимиз янада кенгаяди ва икки мамлакат бизнеси ва барқарор ривожланиши учун янги имкониятлар яратади”, - деди у.