Айдахода отишма – икки ўт ўчирувчи ҳалок бўлди

ASTANA. Kazinform – АҚШнинг Айдахо штатида ёнғинни ўчириш пайтида номаълум шахс томонидан ўқ узилиши натижасида икки нафар ўт ўчирувчи ҳалок бўлди, яна бири яраланди, деб хабар беради Anadolu.

АҚШ-тағы қылмыс
Фото: Anadolu

Ёнғин Айдахо штатидаги Кёр-д’Ален шаҳри яқинида жойлашган Канфилд тоғидаги табиий боғ ҳудудида, номаълум сабабларга кўра келиб чиққан. Олов тахминан 25 акр майдонга тарқалган бўлиб, у ерда пиёда ва велосипед йўллари, шунингдек, ўрмон масканлари жойлашган.

Воқеа жойига ўт ўчирувчилар келган. Ўчириш ишлари вақтида номаълум шахс уларга қарата ўқ отган. Воқеа жойига маҳаллий полиция ҳам етиб келган.

Айдахо штати губернатори Брэд Литтл ўз баёнотида ҳалок бўлганларни “қаҳрамон ўт ўчирувчилар” деб атади ва маҳаллий аҳолини ушбу ҳудуддан узоқлашишга чақирди.

Кейинроқ АҚШнинг Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм таъкидлашича, воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳам ўқ отилган. Бу ҳудудга FBI ходимлари ва SWAT махсус гуруҳи ҳам юборилган.

Кутеней округи шерифи Роберт Норриснинг маълум қилишича, операция тугагандан сўнг тоғли ҳудудда қуролланган эркакнинг жасади топилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, икки нафар ўт ўчирувчи ҳалок бўлган, бир нафар ходим яраланган. ABC News телеканали маълум қилишича, олиб борилаётган тергов доирасида қасддан ёнғин чиқарилган бўлиши мумкинлиги ҳам кўриб чиқилмоқда.

Сўнгги хабарлар