Атирау университети ўрмон ёнғинлари қурбонларининг фарзандларига 10 та грант ажратди
Университет ректори Саламат Идрисовнинг сўзларига кўра, марҳумларнинг фарзандларига ёрдам бериш режалаштирилган.
«14 киши ўз хизмат вазифаларини бажараётиб ҳалок бўлгани барчамиз учун оғриқли бўлди. Халқимизда қийин аҳволда бўлган оилаларга кўмаклашиш, фарзандларининг камол топиши учун ғамхўрлик қилиш каби эзгу фазилат бор. Университетимиз илмий кенгаши қарори билан ёнғин қурбонлари ва «Семей ўрмони» муассасасининг жабрланган ходимларининг фарзандлари учун 10 та таълим гранти ажратилди. Абай вилоятидаги бундай оилалар Х.Досмухамедов номидаги Атирау университетига «Олий таълим муассасаларига ўқишга киришнинг намунавий қоидалари» талаблари асосида ўқишга қабул қилинади. Улар университетга ўқишга кирса, ётоқхона билан бепул таъминланади», - дейди Саламат Идрисов.
Унинг таъкидлашича, Х.Досмухамедов номидаги Атирау университети бошқарув кенгаши аъзолари, илмий кенгаш аъзолари, профессор-ўқитувчилар 1 кунлик иш ҳақини жабрланганларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус жамғармага ўтказишга қарор қилди.
Муаллиф: Бек Мустафа