Астанадаги жаҳон чемпионатига Магнус Карлсен келади - Дармен Садуақасов

Магнус Карлсен
Фото: CNN Sport

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон шахмат федерацияси бу йил бир қатор йирик мусобақаларни ўтказмоқчи. Умуман, федерация олдида қандай мақсад ва вазифалар турибди, мамлакатда шахматни кенг ривожлантириш йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу ҳақда Kazinformга Қозоғистон шахмат федерацияси биринчи вице-президенти, гроссмейстер Дармен Садуақасов маълум қилди.

– Дармен Қанатули, жорий йилнинг август ойида Астана шаҳрида тезкор шахмат (рапид) бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Унга машҳур норвегиялик шахматчи, жаҳон чемпиони Магнус Карлсен келиши ҳақида хабарлар бор, аввало шу ҳақда сўзлаб берсангиз.

— Ҳа, бу чемпионат йилнинг асосий спорт воқеаси бўлишини кутамиз. Ўтган йили Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида классик йўналиш бўйича беш нафар собиқ жаҳон чемпиони Виши Ананд, Владимир Крамник, Хоу Ифань, Александра Костенюк ва Мария Музичук ана шу мусобақада беллашди. Шунингдек, жаҳон чемпиони унвонига номзодлар, жаҳон кубоги ғолиблари, рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионлари ҳам бор эди. Шундай экан, биз дунёнинг энг яхши шахматчилари, жумладан Магнус Карлсенни Астанада кўришни истаймиз. Биздаги маълумотларга кўра, Карлсен жамоалардан бирида ўйнашга рози бўлган. Унинг келиши бутун дунё мухлислари эътиборини тортиши аниқ. Астана аҳолиси ва шаҳар меҳмонлари Магнус ўйинини томоша қилиш имконига эга бўлади.

Бу йил яна бир қанча йирик мусобақаларни режалаштирганмиз. Улар орасида Қозоғистон кубоги алоҳида ўрин тутади, унинг мукофот жамғармаси ўтган йилгидан кўпроқ бўлади. Бундай очиқ халқаро мусобақаларда кучли жамоа тўпланишига ишонамиз. Одатдагидек, булар Ақтўбе, Ўскемен ва Астана шаҳарларида ўтказилади. Шу билан бирга олтита шаҳарда Қозоғистон болалар кубоги мусобақаси бўлиб ўтади. Ушбу болалар ва катталар кубогининг финал босқичи йил охирида Алмати ёки Астана шаҳрида бўлиб ўтади.

Дармен Садуаасов
Фото: ktf.kz

 

10-12 нафар иштирокчидан иборат туркум турнирлар Қозоғистон катталар ва ўсмирлар терма жамоаси учун мўлжалланган. Уларнинг ярми шахматчиларимиз бўлади. Улар учун мусобақалар халқаро уста ва гроссмейстер стандартларини бажариш, рейтингини ошириш учун зарур. Улардан иккитаси Талдиқорған ва Қаскелен шаҳарларида бўлиб ўтган бўлса, бирида Рамазан Жалмаханов иккинчи ўринни эгаллаб, етишмаётган гроссмейстер очкосини қўлга киритди. Энди фақат унвонини тасдиқлаш қолади. Ёзда 8-18 ёшли ўғил-қизлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказамиз. Катта эҳтимол билан у Алматида бўлади.

Бундан ташқари, Қозоғистонда аёллар ўртасидаги Гран-при мусобақаси бўлиб ўтади ва унда етакчи шахматчиларимиздан бири иштирок этади. Умид қиламанки, жаҳон аёллар терма жамоаси ва Қозоғистон ўртасидаги ўйинни такрорлаймиз. Бу йил 50 дан ортиқ мусобақа ўтказишни режалаштирганмиз. Улар орасида давлат хизматчилари, журналистлар, дипломатлар ва бошқа ходимлар ўртасида шахмат доирасини кенгайтириш бўйича турнирлар ўтказилмоқда. Биз корпоратив сектор ходимлари учун турнир ўтказмоқчимиз. Йил давомида ҚШФ мусобақаларни эълон қилади ва томошабинларни шахмат мусобақаларини томоша қилиш қувончига шерик бўлишга таклиф қилади.

— Қозоғистонда шахматни ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Ишонч билан айтмоқчиманки, мамлакатимизда шахматни ривожлантириш учун катта қадам ташланди. Бу, биринчи навбатда, Давлат раҳбарининг сиёсий кўмаги туфайли амалга ошди. Қолаверса, Қозоғистон Республикасида шахматни ривожлантиришнинг 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс режасини тасдиқлаб, Ҳукуматимиз бизни қўллаб-қувватлади. Мазкур дастурий ҳужжатда мамлакатимизда шахмат ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, жумладан, мактаб ўқув дастурига киритиш, ҳудудларда кенг оммалаштириш, шахмат инфратузилмасини яратиш ва бошқа бир қатор йўналишлар бўйича комплекс чора-тадбирлар ўрин олган. Бош ҳомийимиз Freedom Holding кўмагида KazChess – Қозоғистон шахмат федерацияси жамоаси ўтган йили бир қатор йирик мусобақаларни ўтказганини эслатиб ўтиш ортиқча бўлмайди. Аввало, жаҳон чемпиони унвони учун Дин Лижэн ва Ян Непомняшчий ўртасидаги ўйинни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Пойтахтда Қозоғистон аёллар терма жамоаси билан жаҳон терма жамоаси ўртасидаги учрашув, Ақтауда мактаб жамоалари ўртасидаги жаҳон чемпионати, Алмати шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасидаги Осиё чемпионати ва бошқа кўплаб турнирларни ўтказдик.

Спортчиларимизнинг муваффақияти ҳақида гапирганда, аввало, Польшада ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиб, ўзининг юксак салоҳиятини намоён этган аёллар терма жамоасини алоҳида таъкидламоқчиман. Жамоамиз биринчи марта катталар ўртасида шоҳсупага кўтарилди. Тезкор шахмат бўйича жаҳон терма жамоаси ва Қозоғистон ўртасидаги баҳсда Бибисара Асаубаева ва Меруерт Камалиденова классика бўйича тўрт карра жаҳон чемпиони Хоу Ифанни мағлубиятга учратди. Блиц бўйича Осиё чемпиони бўлган Ксения Балабаева ва Аристан Исанжулов мухлисларга қувонч ҳадя этди. Бундан ташқари, Ксения 20 ёшгача бўлганлар ўртасида блиц бўйича жаҳон чемпиони бўлди. Данис Қуандиқули классика бўйича жаҳон чемпионатида 10 ёшгача бўлганлар ўртасида энг яхши бўлди. Янги гроссмейстеримизга айланган Алишер Сулайменовнинг классика баҳсларида Мангус Карлсеннинг ўзини мағлуб этиши дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди.

2023 йилги Осиё ва жаҳон чемпионатларида турли ёшдаги шахматчиларимизнинг классик, рапид ва блиц йўналишларида қўлга киритган медалларини ҳисобласак, уларнинг сони 111 тага етади, бу катта муваффақият. 2023 йилни сарҳисоб қилар экан, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги KazChess/ҚШФ президенти Тимур Турловни “Аккредитация қилинган спорт федерациясининг энг яхши президенти” унвони билан тақдирлади (Қозоғистонда 120 га яқин федерациялар мавжуд).

— Қозоғистонда шахматни ривожлантириш бўйича комплекс режадаги етти мақсад орасида 20 ёшгача гроссмейстер унвонига эга бўлиш ҳам бор. Сизнингча, ўсмирлар орасида кимлар бу мақсадга эриша олади?

— 2022 йилда Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги шахмат олимпиадасида жуфтлик баҳсларида аёллар терма жамоаси энг яхши натижасини кўрсатиб, бешинчи, эркаклар жамоаси эса 17-ўринни эгаллади. Аммо аёллар жамоаси дунёдаги энг ёш ва истиқболли ҳисобланса-да, эркаклар жамоаси асосий эътиборни ёшларга қаратган, унинг илк мевалари 2026 йилда кўринади.

Ҳар ҳолда, ўтган йили кўплаб халқаро турнирлар ўтказиб, ёш шахматчиларимизнинг профессионал ўсишига замин яратдик. Қолаверса, уларнинг шахсий грантлари энг яхши мураббийлардан сабоқ олиш, хорижий мусобақаларда қатнашиш имконини беради. Федерация мураббийлар штаби шахматчиларни максимал даражада қўллаб-қувватламоқда. Мисол учун, Владислав Ткачёв эркаклар жамоаси билан яқиндан ҳамкорлик қилади, Александр Моисеенко аёллар жамоасига ёрдам беради, шунингдек, қозоғистонлик мураббийлар Павел Коцур, Евгений Владимиров, Ануар Исмағамбетов ва бошқаларни айтиш мумкин. Етакчи шахматчиларимизнинг жаҳон шахмати корифейи Борис Гельфанд билан ўтказилган машғулотлари жуда фойдали бўлди.

20 ёшдан олдин гроссмейстер унвонига эга бўлиш масаласига келсак, бу вазифанинг қийин бўлишининг сабаби, менимча, қисқа вақт ичида бунга эришишга ҳаракат қилмоқдамиз. Фақатгина 15 ёшли Алдияр Ансат бу меъёрни бажаришга жуда яқин, у Қозоғистон чемпиони, гроссмейстер очкосига эга. Умид қиламанки, 2024 йилда у қолган иккитасини бажариб, 16 ёшида гроссмейстер бўлиб, менинг рекордимни янгилайди (19 ёшда эдим). Мен бундан жуда хурсанд бўлардим.

Аммо шахмат оламида 16 ёшгача гроссмейстер бўлганлар жуда кам. Албатта, муаммо нафақат ёшда, балки шахматни тушуниш ва ўйин сифатини оширишда. Алдиярда бир неча йил ичида жаҳон элитасига чиқиш учун барча имконият бор. Шу боис у ва бошқа умидли ёшлар – 2022 йил Қозоғистон чемпиони Рамазон Жалмаханов, 18 ёшгача бўлганлар ўртасида рапид ва блиц бўйича 2022 йил жаҳон чемпиони Қазибек Ногербек билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Улардан ёши катта, Алишер Сулейменов ва Денис Махневлар аллақачон гроссмейстерга айланган ва улар ўзларининг энг юқори чўққиларида. Албатта, иқтидорли ёшлар ҳам етишиб чиқмоқда. Ўтган йили Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ўтказилган шахмат олимпиадасида иккита терма жамоамиз 4-6-ўринларни қўлга киритди. Бу ҳам ажойиб кўрсаткичдир.

Ўтган йили биз ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш дастурини йўлга қўйган эдик. Мустақил комиссия томонидан 2007-2014 йилларда туғилган 45 нафар энг яхши ёш шахматчи аниқ мезонлар (халқаро ва республика турнирларидаги ютуқлари, бошқа кўрсаткичлар) бўйича аниқланиб, олтин, кумуш ва бронза саватчалари учун келгусида кўмак кўрсатилади. Айтмоқчиманки, “Олтин сават” доирасида энг иқтидорли ва истиқболлиларга алоҳида кўмак берилади. Айтиш мумкинки, бу яқин келажакда ўз мевасини берадиган келажак сармоясидир.

— Ченнай Олимпиадасида шахматчиларимизнинг рекорд ўринларини айтиб ўтдингиз. 10-23 сентябрь кунлари Будапештда бўлиб ўтадиган навбатдаги шахмат форумида улар бу кўрсаткичдан ошиб кета оладими?

— Биз ишимизни узоқ муддатли даврга мослаштиряпмиз. Шундай экан, 2026 йилда чинакам рақобатбардош эркаклар жамоасини тузамиз, деб ишонамиз. Аммо, умид қиламанки, Будапештдаги ёшларимиз индивидуал ва умумий натижалардан мамнун бўлишади.

Аёллар терма жамоаси ҳақида гапирадиган бўлсак, афсуски, таниқли спортчиларимиз Жансая Абдималик ва Динара Садуақасовалар кўп чиқиш қилишмайди. Бошқа томондан, Бибисара Асаубаева ҳақиқий етакчига айланиб, терма жамоамизни ўтган йили Польшанинг Бидгошч шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати (кумуш) ва Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларига (бронза) олиб чиқишга муваффақ бўлди. Ундан кейин ёш, лекин жуда иқтидорли шахматчилар – Меруерт Камалиденова, Алуа Нурман, Ксения Балабаевалар бормоқда. Балки Жансая ва Динара ҳам жамоага қўшилишар. У ҳолда мураббийлар штабини танлаш осон бўлмайди. Бу спортчилардан ташқари Польшада ажойиб ўйнаган Амина Қайирбекова ҳам бор. Қизилўрдалик икки нафар ажойиб шахматчи – Назерке Нурғали ва Асел Серикбай ҳамда ўсмирлар ўртасида бир неча бор жаҳон чемпиони бўлган Зарина Нурғалиева бор. Бошқа иқтидорли спортчилар кўп. Биз асосий таркибга кимлар киритилишини тахмин қиламиз, аммо Олимпиада арафасида ёрқин намоён бўлган спортчилардан бири Будапештга йўл олса ажаб эмас.

— Жамоага саралаш қандай ўтмоқда? Таркибни аниқлашда кимнинг фикри ҳал қилувчи рол ўйнайди?

— Шубҳасиз, мураббийлар кенгашининг умумий фикри ҳал қилувчи бўлади. ҚШФ президиуми учун, гарчи бу тавсия қилинадиган хусусиятга эга бўлса-да, охирги пайтларда президиумнинг жамоа таркиби ҳақида баҳслашаётганини кўрмадим. Мураббийлар кенгаши жуда профессионал, кучли мураббийлар, гроссмейстерлар бор.

— Биз сизни Chess Legends каби инновацион таълим лойиҳасининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида биламиз. Ҳозир бу лойиҳа қандай ишлаб чиқилмоқда?

— Chess Legends мобил иловаси қозоғистонлик мутахассислар жамоаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ёрдамида дунёнинг 116 та давлатида сифатли шахмат таълими мавжуд. У Freemium моделига асосланган, яъни собиқ жаҳон чемпионлари Владимир Крамник ва Хоу Ифань, унвонга даъвогар Борис Гельфанд, Гарри Каспаровнинг собиқ мураббийи, ҳозирда Қозоғистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Евгений Владимировнинг бепул видеодарслари мавжуд. Унда менинг ҳам видеодарсларим ҳам бор.

Ушбу таркибга асосланиб, биз Chess Class иловасини ҳам ишлаб чиқдик. Chess Legends шахсий тренинг иловасидан фарқ қилади, Chess Class нафақат шахмат тўгаракларида, балки таълим муассасаларида - мактаблар ва болалар боғчаларида гуруҳ дарслари учун ҳам қўлланилади.

Сўнгги хабарлар