Астанадаги ҳарбий парадга 4 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи тайёргарлик кўрмоқда
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон пойтахтида 1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг юбилейи ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган ҳарбий парадга тайёргарлик қизғин кечмоқда.

“Бугунги кунда парадга жалб этилган ҳисобий гуруҳларимиз байрамона маршда қатнашишга 85 фоизга тайёр. Бугунги машқларга Мудофаа вазири ҳам ташриф буюрди. Жанговар таркиб парад ўтказишга тўлиқ тайёр”, – деди Ракета қўшинлари ва артиллерия бош бошқармаси бошлиғи Тлек Серикбаев.


Парадга тайёргарлик жараёнини Қозоғистон Мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов шахсан кузатди. Парад иштирокчилари Қуруқликдаги қўшинлар бош қўмондони Мереке Кўчекбаев бошчилигида саф машқларини бажарди.

Астанадаги ҳарбий парадда Қозоғистон Қуролли Кучлари, бошқа ҳарбий қисмлар ва ҳарбий тузилмалардан 4 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, 200 дан зиёд ҳарбий техника ҳамда 66 та авиация техникаси иштирок этади.

