Астанада илк исломий молия ва бизнес форуми бўлиб ўтмоқда
ASTANA. Kazinform – Бугун Қозоғистон пойтахти Астанада исломий молия соҳаси мутахассислари ва бизнес вакиллари йиғилди.

“Форумда ислом молиясини янада ривожлантириш, исломий финтех, ислом иқтисодиётида маркетинг, аёллар етакчилиги каби масалалар муҳокама қилинади. Умуман олганда, Марказий Осиё ва МДҲ давлатларида ислом молияси ва бизнеси соҳасидаги нуфузли аёлларни тақдирлаш маросими форумнинг ўзига хос жиҳати бўлди. Ҳозирда Қозоғистонда учта ислом банки фаолият юритмоқда. Улардан иккитаси Қозоғистон ислом банклари: ADCB Islamic ва Zaman Islamic Bank, шунингдек, Астана халқаро молия марказининг Аль-Сафи банки”, – дейди Ислом молияси ва бизнес уюшмаси раиси, Астана халқаро молия маркази Ислом молияси бўлими раҳбари Мадина Тукулова.

Бугунги тадбир доирасида исломий молия саноати ривожига ҳисса қўшадиган бир қатор меморандумларни имзолаш режалаштирилган.

“Жумладан, Астана халқаро молия маркази ҳамда Қозоғистон-Нигерия ишбилармонлар кенгаши вакиллари ўртасида меморандум имзоланади. Бу ҳужжат Нигериядаги исломий молия компанияларини Қозоғистон бозорига жалб этишга қаратилган. Шунингдек, Исломий молия ва бизнес уюшмаси ҳамда Исломий қурувчилар уюшмаси ўртасида уй-жой қурилишида исломий молияни ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланади. Бундан ташқари, комплаенс (ҳуқуқий ва молиявий талабларга мувофиқлик) масалалари ва исломий молияни илгари суриш бўйича Compliance Hub ташкилоти билан ҳам меморандум имзоланади. Шунингдек, Астана халқаро молия маркази иштирокчилари, ITS халқаро платформаси ва закот жамғармаси ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик меморандуми тузилади”, – деди Тукулова.

Форумнинг илк сессияси Марказий Осиё ва жаҳонда исломий молия ривожи истиқболларига бағишланди. Спикерлар исломий банк тизимини жорий этиш тажрибалари билан ўртоқлашиб, халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилмоқда.
“Қозоғистонда исломий молия жадал суръатда ривожланмоқда. Бизда бир неча исломий молия институтлари фаолият юритмоқда, тегишли қонунчилик базаси шаклланган ва янги молиявий инструментлар жорий этилмоқда. Ўтган йили илк бор корпоратив иштирокчилар учун исломий қимматли қоғозлар чиқарилди. Шунингдек, Қозоғистон ва Астана халқаро молия маркази ҳудудида биринчи исломий инвестиция фонди ташкил этилди. Марказий Осиё мамлакатлари билан солиштирганда, бизда тажриба мавжуд ва ундан бошқалар билан ўртоқлашишимиз мумкин. Масалан, Қирғизистонда исломий молияга оид қонунчилик бор, Ўзбекистонда эса исломий банк тизимини ривожлантириш бўйича қонун қабул қилиш режалаштирилган”, – дейди Тукулова.

Эслатиб ўтамиз, форум Исломий молия ва бизнес уюшмаси томонидан TIDAM агентлиги ҳамкорлигида, Астана халқаро молия маркази кўмагида ташкил этилган. Тадбирда 200 дан ортиқ киши иштирок этмоқда.