Астанада апельсин пишди
ASTANA. Kazinform – Астана Ботаника боғида илк апельсин мевалари пишди. Тропик мевалар махсус жиҳозланган иссиқхона шароитида пишиб етди ва мутахассисларнинг айтишича, бу илк тажриба эмас.

2018 йили боғ ходимлари томонидан 12 та апельсин кўчатлари ўтказилган. Бу жанубий-шарқий Осиёдан олиб келинган, иссиқхона шароитига мослаштирилган миртабарг апельсиннинг гибрид навидир. Илк кичик мевалар аввалги йилларда пайдо бўла бошлаган, бироқ тўлиқ ҳосилни дарахтлар яқинда бера бошлади. Пишган мевалар боғ меҳмонларига тақдим этилмоқда.

Иссиқхона мажмуаси мудираси Лайла Зекенованинг таъкидлашича, бу ўзгача ҳосил ортида йиллар давомида олиб борилган машаққатли меҳнат ётибди:
“Биз иссиқхонада доимий ҳароратни +22+28°C даражада сақлаймиз, намлик даражаси юқори — тахминан 70-80%. Сув бериш мунтазам, лекин меъёрида. Ҳар бир тропик меванинг пишиши учун ўзига хос шарт-шароит керак — ҳароратдан тортиб намлик ва ёруғликкача”.

Мутахассислар жанубий ўлкаларга хос бўлган, маҳаллий иқлимга мос бўлмаган ўсимлик ва меваларнинг ёпиқ экотизимларда қандай мослашиши ва қишнинг қаттиқ шароитида етиштирилиши имконини ўрганмоқда.
Апельсиндан ташқари, иссиқхонада папайя ва бошқа тропик ўсимликлар ҳам парвариш қилинмоқда. Улар орасида кумкват ҳам бор — бу ситруслар оиласига мансуб мевали ўсимлик бўлиб, ташқи кўриниши кичик, шаклли апельсинга ўхшайди. Уни тўлиқ ҳолда, яъни пўсти билан бирга еб истеъмол қилишади.