Астана жараёни Сурия масаласини ҳал қилишнинг асосий платформаси бўлиб қолишини истаймиз – Россия делегацияси раҳбари
ASTANА. КАZINFORM – Қозоғистон пойтахтида Сурия бўйича Астана жараёнининг ХХІ йиғилиши бошланди. Жараёнда кафил давлатлардан бири бўлган Россия Федерацияси делегацияси раҳбари Александр Лаврентьев ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди ва ўтган йили якунланиши керак бўлган Астана жараёни нима учун бу йил давом эттирилганига изоҳ берди.

“Маълумки, Қозоғистон томони Астана жараёнининг сўнгги йиғилишини ўтган йилнинг июнь ойида ўтказаётганини айтган эди. Биз, Сурия бўйича Астана жараёнининг кафил давлатлари (Туркия, Эрон, Россия – таҳр.) бу масалани ўрганиб чиқдик ва “Астана мезбон платформа бўлиб қолиши керак” деган хулосага келдик. Албатта, бу илтимос эди. Қозоғистон раҳбариятига уч давлатнинг қўшма сўрови бўлган. Яъни, Астана жараёни Туркия, Эрон ва Россия ташаббуси билан қайта тикланди”, — деди Россия делегацияси раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир Қозоғистоннинг халқаро муносабатлардаги фаоллиги ортиб бормоқда.
“Биз Қозоғистон раҳбарияти Сурия муаммосини ҳал қилишда фаол иштирок этишни хоҳлаётганини кўриб турибмиз. Менимча, бу ерда қуйидаги ахборот маълум. Қозоғистон контингенти Голан тепаликларида тинчликпарварлик ҳаракатларида иштирок этади. 139 нафар ҳарбий хизматчи БМТнинг Голан тепаликларидаги миссиясида иштирок этади. У ерда бизнинг “Росгвардия” тинчликпарвар кучлари ҳам минтақадаги барқарорликни қўллаб-қувватламоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик бу соҳада ҳам кучайиб, фойдали бўлишига ишонаман. Шу боис Астана формати Сурия масаласини ҳал қилишда жуда самарали механизм бўлиб қолади, деб ўйлайман. Бироқ Сурия масаласини ҳал қилиш ҳали узоқда эканлиги аниқ. Қарама-қарши томонлар ўртасидаги ишонч даражаси ҳамон паст”, — деди Александр Лаврентьев.