«Астана» ХММ ташкил этилганидан бери Қозоғистонга 8,3 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган

ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари «Астана» халқаро молия маркази раҳбари Ренат Бектуровни қабул қилди, дея хабар беради Kazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.
None

Президентга «Астана» халқаро молия марказининг (АХММ) ўтган йилги ва жорий йилнинг 5 ойлик фаолияти якунлари ҳақида маълумот берилди.

Давлат раҳбарига Марказнинг 2025 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш доирасида хориждан инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш, интенсив капитал бозорини ривожлантириш ва молия саноатида инновацияларни рағбатлантириш каби учта асосий йўналиш бўйича амалга оширилаётган ишлари ҳақида маълумот берилди.

Ренат Бектуровнинг сўзларига кўра, Молия маркази ташкил этилганидан бери Қозоғистонга 8,3 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган. Сўнгги йилларда АХММ иштирокчилари сони тез ўсиб боряпти. Дунёнинг 75 мамлакатидан 2000 га яқин компания бизнес юритиш учун АХММ юрисдикциясини танлаган. Дунёнинг энг йирик молия институтлари, хусусан, Хитой банклари, араб давлатларининг молиявий тузилмалари ва таниқли технология компаниялари АХММ негизида ўз ваколатхоналарини фаол равишда очмоқда. Умуман олганда, Марказ ташкил этилгандан буён АХММ экотизимининг иштирокчилари бюджетга 50 миллиард тенгедан ортиқ, жумладан, ўтган йили 26 миллиард тенге солиқ тўлаган. Молия марказидаги низоларни ҳал этиш институтлари (АХММ суди ва Халқаро арбитраж маркази) 2000 дан ортиқ тижорат ва молиявий ишларни кўриб чиқди.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев АХММни халқаро майдонда мамлакатнинг асосий инвестиция майдонларидан бири сифатида илгари суриш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Давлат раҳбари фонд биржаси, регулятор ва АХММ таркибидаги бошқа институтларни энг илғор жаҳон стандартлари асосида янада ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди.

Сўнгги хабарлар