Аста-секин табиий ресурсларга қарамликдан қутулишимиз керак – Президент мақоласи
ASTANА. Кazinform - Президент Қосим-Жомарт Токаев “Эгемен Қазақстан” газетасида чоп этилган “Марказий Осиё ренессанси: барқарор тараққиёт ва фаровонлик йўли” номли мақоласида минтақада интеграцияни чуқурлаштиришнинг янги йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтди.
“Мамлакатларимизнинг умумий ҳудуди 3 миллион 882 минг квадрат километр, аҳолиси 80 миллиондан ортиқ. Ялпи ички маҳсулот эса 450 миллиард долларга яқин. Дунёдаги уран захираларининг қарийб 20 фоизи, нефтнинг 17,2 фоизи, табиий газнинг 7 фоизи минтақамизга тегишли. Марказий Осиё кўмир қазиб олиш бўйича 10-ўринда, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича 19-ўринда туради. Иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиради. Бу ҳолат мамлакатларимизнинг ташқи омилларга муносиб қаршилик кўрсатишини таъминлайди ва савдо ва ишлаб чиқариш соҳасидаги циклларни диверсификация қилиш имконини беради. Қўшма иқтисодий лойиҳаларни самарали амалга ошириш бу жараёнга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин”, - деб ёзади Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари иқтисодиётни технологик ривожлантириш минтақа давлатларининг асосий вазифаси, деб ҳисоблайди.
“Табиий ресурсларга қарамликдан аста-секин қутулишимиз керак. Шу билан бирга, медиа, кино, мусиқа, дизайн, таълим ва ахборот технологияларини ўз ичига олган креатив саноат ва рақамлаштириш иқтисодиётга янги суръат бағишловчи кучга айланиши мумкин. Минтақа мамлакатлари бу йўналишда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш салоҳиятига эга. Рақамли ва креатив саноатнинг улкан ўсиши хомашёга асосланган иқтисодиётдан интеллектуал характердаги ишлаб чиқаришга босқичма-босқич ўтишга ёрдам беради. Гарчи Марказий Осиё интеграцияси мамлакатларимиз миллий иқтисодий ўсишининг асосий сабаби бўлмаса-да, унинг асосий манбаларидан бири бўлиши мумкинлигига ишончим комил”, — деди Президент.