Ассамблея этник-ижтимоий зиддиятларни аниқлаш ва олдини олишга алоҳида эътибор қаратиши керак

Ақорда
Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Ассамблеяни ижтимоий яхлитлик ва ватанпарварликни улуғловчи институт сифатида мустаҳкамлаш керак. Бу ҳақда ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Бирлик. Янгиланиш. Тараққиёт” мавзусида ўтказилаётган Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ХХХІІІ сессиясида маълум қилди.

“Ассамблеянинг институционал салоҳиятини кучайтириш зарур. Унинг давлат органлари, Парламент ва маслихатлар билан алоқаларини яхшилаш зарур. Сўнгги йилларда Ассамблея фаолияти сезиларли даражада ўзгарди. Бу тузилма жамиятда жуда муҳим институт ва этномаданий бирлашмаларнинг бош қароргоҳига айланди. Ассамблея барча даражадаги муассасалар билан турли йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ва бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва масъуллар билан ишлашнинг самарали усулларини излашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ҳокимлар ҳар куни юзага келадиган кўплаб муаммолар билан шуғулланадилар. Уларнинг иши жуда кўп, бу тушунарли. Лекин миллий бирдамликни мустаҳкамлаш энг муҳим вазифалардан биридир. Буни ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмаслик керак”, – деди Президент.

Давлат раҳбари вилоят раҳбарлари камида икки ойда бир марта Ассамблея вакиллари билан биргаликда миллатлараро вазият бўйича йиғилиш ўтказиши, вилоятлар ва республика аҳамиятга молик шаҳарлар ҳокимлари бевосита Ассамблеянинг асосий тадбирларида иштирок этиш кераклигини айтди.

Президентнинг фикрича, Ассамблея давлат қарорларини қабул қилиш ва ислоҳотларни илгари суришда фаол иштирок этиши керак. Шунинг учун унинг илмий ва эксперт салоҳиятини ривожлантириш зарур. Этник-ижтимоий кескинлик ўчоқларини аниқлаш ва бундай ҳодисаларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

“Этномедиация билан боғлиқ ишларни Алмати, Жамбил ва Туркистон вилоятлари мутахассислари бошлаб юборишган. Унинг қамровини кенгайтириш ва бу тажрибани Ассамблеянинг барча ташкилотларига тарқатиш зарур. Ассамблеяни ижтимоий яхлитлик ва ватанпарварликни улуғловчи институт сифатида мустаҳкамлаш керак. Энг аввало, Оқсоқоллар кенгаши, Оналар кенгаши каби самарали тузилмаларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Вазирлик ва ҳокимликлар уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаши керак. Махсус грантлар ажратилиши ва давлат ижтимоий буюртмалари берилиши керак. Ёшлар Ассамблея фаолиятига янги суръат олиб кирмоқда. Шу боис, Ассамблея тузилмалари ва этник-маданий бирлашмалар раҳбарининг ўринбосарларини ёшлардан тайинлашни таклиф қиламан. Марказий ва маҳаллий органлар Ассамблеянинг ёшлар, айниқса, кўнгиллилар билан боғлиқ лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур. Бундай лойиҳалар рўйхатини тузган маъқул”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Сўнгги хабарлар