Буюк Британия соғлиқни сақлаш хизмати қийин аҳволда
ASTANА. Кazinform - Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати қийин аҳволда. Бу мустақил тадқиқот натижасидир. Шифокор қабулини кутаётган беморлар сони рекорд даражага етди. Либерал-демократлар пулни соҳага йўналтириш кераклигини таъкидласа, ҳукмрон партиядагилар ислоҳот зарурлигини таъкидламоқда, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Ижтимоий тармоқларда уй кузатув камераси томонидан тасвирга олинган кадрлар тарқалди. Видеода ўзини ёмон ҳис қилаётган эркак хотини билан тез ёрдам чақираётганини кўриш мумкин. Бир ярим соатдан кейин тиббиёт ходимлари етиб келиб, беморни касалхонага олиб кетишди. Аммо, афсуски, 59 ёшли эркакни юрак хуружидан сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.
“Севимли инсоним ўз ҳаёти учун курашиш имкониятига эга бўлмаганидан ғазабдаман. Шифокорлар унга ёрдам бера олмаганидан афсусдаман. Эримни жуда соғиндим. Менинг миллий соғлиқни сақлаш хизматига нисбатан ғазабим ошиб бормоқда”, - деди марҳумнинг аёлии Лесли Мартин.
Буюк Британияда тез ёрдам машинаси юраги оғриган беморларга етиб бориши учун ўртача 18 дақиқа вақт кетади, аммо бу мақсадга кўпинча 40 дақиқада эришилади, бу вақт икки баравар кўп. Натижада ҳар йили минглаб одамлар ҳалок бўлади. Бундан ташқари, миллий соғлиқни сақлаш хизматининг бошқа ёмон томонлари ҳам маълум бўлди.
“Маблағ етишмаслиги туфайли руҳий касаллар ҳашаротлар тўла Виктория даври камераларига жойлаштирилади. 17 киши учун фақат 2 та ҳаммом мавжуд. Инсон ҳаёти учун жуда муҳим бўлган саратон касаллигига эрта ташхис қўйишни такомиллаштиришга қаратилган ишларда ҳеч қандай тараққиёт йўқ”, - дейди жарроҳ-маслаҳатчи Ара Дарзи.
Ара Дарзи парламент лордлар палатасининг мажлисларида қатнашадиган шифокор. Унга ҳукумат томонидан миллий соғлиқни сақлаш хизмати ҳолатини ўрганиш топширилган. Унинг маърузаси фақат ушбу соҳадаги камчиликларни санаб ўтишдан иборат эмас. Ҳар қандай малакали шифокорнинг ўзига хос хусусияти, у нафақат ташхис қўяди, балки даволаш режасини ҳам таклиф қилган.
“Маблағларнинг етарли эмаслиги соғлиқни сақлаш хизматлари самарадорлигининг пасайишига бевосита таъсир қилади. Ҳамма нарсанинг сабабини мутахассислар етишмаслигида деб ўйлашга одатланганмиз. Ундай эмас. Ўрганиш натижаларига кўра, шифокорлар сони кўпайгани билан меҳнат унумдорлиги пастлиги аниқланди. Самарадорликни фақат соҳага сармоя киритиш орқали ошириш мумкин, - дейди маслаҳатчи-жарроҳ Ара Дарзи.
Либерал-демократлар ҳам молиялаштиришни оширишни талаб қилмоқда. Улар терапевтнинг фаолият доираси кенгайиб, беморни 7 кун ичида, шошилинч зарурат туғилганда эса 24 соат ичида қабул қилиш керак, деб ҳисоблашади. Маълумотларга кўра, бош оғриғи ва оёқ оғриғи бўлган одамлар шифокорга мурожаат қилиш учун 4 ҳафта ёки ундан кўпроқ вақт кутишади.
“Деярли ҳар йили ҳукумат яна бир қишдан омон қолиш учун соғлиқни сақлаш хизматини яхшилашга юзлаб миллион фунт стерлинг сарфлайди. Бунинг ўрнига соҳага доимий равишда сармоя киритиш фойдалироқ бўларди”, - дейди либерал-демократлар етакчиси Эд Дейви.
Ҳукмрон партия раҳбари эса соғлиқни сақлаш хизматини яхшилаш бўйича 10 йиллик режани таклиф қилиб, қўшимча маблағ ажратишдан кўра соҳани ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, тиш касалликларининг олдини олиш, чекишни ташлаш, семиришнинг олдини олиш учун профилактика чораларини кўриш керак. Стармернинг айтишича, чириган тишларини суғуриб олиш учун касалхонага ётқизилган болалар сонини билиб ҳайратда қолган.
“Ҳисоботда таъкидланганидек, соғлиқни сақлаш хизмати оғир аҳволда бўлиши мумкин, аммо унинг ҳаётий кўрсаткичлари юқори ва биз узоқ муддатли ислоҳотларни амалга ошириш учун дадил қадамлар ташлашимиз керак. Соҳа мураккаб операцияни талаб қилади. Биз қийинчиликларга дош бера оламиз”, - дейди Британия Бош вазири Кей Стармер.
Аввалги ҳукумат шифокорларнинг тез-тез иш ташлашларини баҳона қилиб, терапевтга мурожаат қилиш учун кутаётган одамлар навбатини қисқартира олмади. Бироқ Стармер сайловда ғалаба қозонгач, оқ халатлиларнинг иш ҳақини ошириб, келишувларга эришди. Аммо ҳозир бюджетда пул йўқ. Ҳатто 22 миллиард фунт стерлинг камомад сезилади. Шу боис соғлиқни сақлашга пул қуйилади ва соҳанинг ёмон аҳволи яхшиланади, дейиш қийин.
Муаллиф: Ғалимжан Қараманули