Anadolu Ajansı – ҚР Президенти Телерадиокомплексининг янги медиа ҳамкори
ANKARA. Kazinform – Анқарада Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиокомплекси ва Туркия давлат ахборот агентлиги Anadolu Ajansı ўртасида ахборот алмашинуви ва медиа шериклик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди.

Ҳужжатларни имзолаш маросими ҚР Президентининг Туркияга расмий ташрифи доирасида Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған иштирокида бўлиб ўтди.
Шартномани ҚР Президенти ТРК директори Раушан Қажибаева ва Anadolu Ajansı раҳбари Сердар Карагёз имзолади.
Ҳужжат Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги ахборот ҳамкорлигини чуқурлаштиришга қаратилган бўлиб, “Kazinform” халқаро агентлиги ва Anadolu Ajansı ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.
Томонлар ўз платформаларида мослаштириш ва чоп этиш ҳуқуқи билан қозоқ, турк, рус ва инглиз тилларида янгиликлар контентини алмашиш, касбий алоқаларни ривожлантириш, стажировка ўташ ва журналистлар малакасини ошириш каби муҳим йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиокомплекси Қозоғистоннинг энг қадимги халқаро ахборот агентлиги “Kazinform” ХАА, Jibek Joly, Silk Way, Silk Way Cinema телеканаллари, Ҳужжатли фильмлар марказини ўз ичига олган йирик медиакомпаниялардан бири ҳисобланади.
Anadolu Ajansı – Туркиянинг халқаро ахборот агентлиги. У 13 дан ортиқ тилларда, жумладан, инглиз, араб, рус, испан, француз ва бошқаларда янгиликларни эфирга узатади. 100 дан ортиқ мамлакатларда, жумладан Қозоғистон, Россия, Хитой, АҚШ, Германия, Қатар ва Эронда ҳам мухбирлик тармоғига эга.
2025 йилда Anadolu Ajansı худди Kazinform ахборот агентлиги каби 105 ёшга тўлади.