Амир, Амин, Ойша: Ақтўбеда уч эгизак туғилди
AQTÖBE. Кazinform — Расул ва Полина Саматовлар оиласида қувончли янгилик – уч эгизак дунёга келди. Чақалоқлар туғруқхонадан чиқарилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Амир, Амин ва Ойшаларнинг 30 май куни туғилишига Ақтўбе тиббиёт маркази мутахассислари масъул бўлган.
Тиббиёт университети кафедраси профессори Светлана Шиканованинг сўзларига кўра, статистик маълумотларга биноан, уч эгизак билан ҳомиладор бўлиш камдан-кам учрайдиган ҳодиса, айниқса ЭКО технологияларисиз.
- Полинанинг оиласида кўп ҳомиладорликка ирсий мойиллик мавжуд. Ҳомиладорлик ва туғиш даври муваффақиятли ўтди. Уч нафар гўдак қониқарли ҳолатда уйга чиқарилмоқда, — деди эксперт.
Расул ва Полина ота-она сифатида катта тажрибага эга. Бугунги туғруқхонадан чиқариш маросимида уч эгизакларнинг катта опаси, беш ёшли Даяна ва уч ёшли укаси Ислом ҳам иштирок этди.

Ёш оилани вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари ҳамда Ақтўбе шаҳри Астана тумани ҳокими табриклади.
Айтиш жоизки, вилоятда йил бошидан буён 5255 нафар чақалоқ дунёга келди. Улардан 51 нафари эгизак, иккитаси уч эгизакдир.
Вилоятдаги туғруқхоналар зарур тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланган. Аёлларга ҳомиладорлик, туғруқ ва туғруқдан кейинги даврда тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шароит яратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркистонда уч эгизак туғилгани ҳақида хабар берган эдик.