Алмати шаҳрида дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Осиё кубоги бўлиб ўтади
ASTANA. Kazinform – Қитъа мусобақаси 3-6 июль кунлари Балуан Шолақ спорт мажмуасида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги мусобақа Бекет Махмутов хотирасига бағишланади. Унда Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Ливан, Мўғулистон, Халқаро дзюдо федерацияси терма жамоаси ва АҚШдан 700 нафарга яқин татами усталари иштирок этиши режалаштирилган.
Осиё кубоги доирасида ҳакамлар ва мураббийлар учун халқаро семинар ҳам ўтказилади. Семинарда Польша, Миср, Жанубий Корея, Қирғизистон, Ҳиндистон, Эрон, Нидерландия, Япония ва Саудия Арабистонидан 80 нафар ҳакам иштирок этади.
Қитъа миқёсидаги мусобақада 3-4 июль кунлари ўсмирлар иштирок этса, 5-6 июль кунлари ёшлар совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Бекет Махмутов 1996-2006 йилларда Халқаро бокс ассоциациясининг (АИБА) биринчи вице-президенти, шунингдек, ташкилот молиявий комиссияси раиси, АИБАнинг Осиё қитъа бюроси президенти лавозимларида ишлаган.
Бекет Сапарбекули даврида Қозоғистон бокс терма жамоаси уч марта – Атланта-1996, Сидней-2000 ва Афина-2004 Олимпиадаларида кучли учликдан жой олган.
У 2009-2012 йилларда Қозоғистон дзюдо федерацияси президенти бўлган, шунингдек, Осиё дзюдо иттифоқи вице-президенти бўлган. У қаерда хизмат қилмасин, қозоқ спортининг халқаро миқёсда тан олинишига улкан ҳисса қўшган.
Бекет Махмутов 1999 йилда “Құрмет” ордени билан тақдирланган, 2000 йилда эса «Қазақстанның еңбегі сіңген қайраткері» унвонини олган.