Алихан Смаилов ва Оқилбек Жапаров Қозоғистон ва Қирғизистоннинг сув соҳасидаги ҳамкорлигини муҳокама қилди
ASTANA. Кazinform - Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов Қирғизистон Вазирлар Кабинети раиси – Президент Администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров билан музокаралар ўтказди.

Учрашув Алмати шаҳрида Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши арафасида бўлиб ўтди, дея хабар беради Ҳукумат матбуот хизмати.
Алихан Смаиловнинг айтишича, Қирғизистон Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори ва қардош давлатидир.
“Давлат раҳбарларимизнинг сиёсий иродаси туфайли Қозоғистон-Қирғизистон муносабатлари ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилди”, — деди Бош вазир.
Шу билан бирга, Ҳукумат раҳбари мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётганини таъкидлади.
Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошди ва бор-йўғи 11 ой ичида 1,3 миллиард долларга етди. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича ишлар давом этмоқда.
“Бунга Ҳукуматлараро кенгаш ва Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми каби икки томонлама ҳамкорлик механизмларининг самарали фаолият юритиши ёрдам бермоқда. Қозоғистон Ҳукумати бундан кейин ҳам Қозоғистон-Қирғизистон стратегик шериклигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр”, — деди Алихан Смаилов.
Ўз навбатида, Оқилбек Жапаров Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги бугунги муносабатлар улар ўртасидаги сиёсий мулоқотлар юксак даражада эканидан далолат эканини таъкидлади.
“Йил сайин ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми ортиб, ишбилармонлик, илмий-маданий алоқалар жонланиб бормоқда. Ҳукуматлараро кенгаш доирасида Қирғизистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг умумий стратегик мақсадлари, концептуал ёндашувлари ва узоқ муддатли ривожланиш йўналишлари муҳокама қилинмоқда. Икки давлат ўртасида турли соҳаларда фаол ҳамкорлик амалга оширилмоқда”, - деди у.
Оқилбек Жапаров Қирғизистон томони Қозоғистон билан ўзаро ишонч ва англашувга асосланган иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашувда Ҳукумат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини, жумладан, савдо-иқтисодий ва нефть-газ соҳаларини муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, томонлар қисқа муддатда Қозоғистон-Қирғизистон чегарасида юк машиналари учун қўшимча транзит пунктини очиш масаласини ишлаб чиқиш, шунингдек, сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.