Алихан Смаилов ва БАА элчиси қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди

None
Фото: primeminister.kz
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва БААнинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммад Саид Муҳаммад Ал-Арики ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва энергетика, транспорт, логистика ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди, дея хабар беради Kazinform.

Алихан Смаилов Қозоғистон Бирлашган Араб Амирликлари билан сармоявий шерикликни ривожлантиришга катта аҳамият беришини таъкидлади.

Ўтган йил якунларига кўра, БААдан Қозоғистонга жалб этилган инвестициялар ҳажми 27 фоизга ошиб, қарийб 420 миллион долларни ташкил этди.

Шу билан бирга, жорий йил январда ҚР Президентининг расмий ташрифи доирасида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида янги стратегик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қўшма декларация имзоланган эди.

«Бугун томонлар юқори даражадаги келишувларни амалга оширишни бошлаганидан хурсандмиз. Биз ҳамкорликни жонлантиришдан, жумладан, Қозоғистон иқтисодиётига БАА сармоялари ҳажмини оширишдан манфаатдормиз», – деди Алихан Смаилов.

Шу билан бирга, Ҳукумат раҳбари савдо алоқаларини ривожлантириш устувор йўналиш эканини таъкидлади.

«Икки давлат раҳбарлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди. Шу муносабат билан Қозоғистон БАА бозорига қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва енгил саноат маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёр», – деди ҚР Бош вазири.

photo

Ўз навбатида, Муҳаммад Саид Муҳаммад Ал-Арики амирликлар ўзаро манфаатли давлатлараро ҳамкорликни, жумладан, Қозоғистон Республикаси Президентининг БААга ташрифи натижасида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатларни кучайтиришга тайёр эканини таъкидлади.


Сўнгги хабарлар