Алихан Смаилов иқтисодий ўсишни таъминлаш режасини айтди

Алихан Смаилов иқтисодий ўсишни таъминлаш режасини айтди
Фото: primeminister.kz

Бугун Мажлиснинг умумий йиғилишида Миллий жамғармадан маблағ олишни тўхтатиш таклифи илгари сурилди, деб хабар беради Каzinform.

“Миллий жамғарма келажак авлодлар учун. Президентимиз 2030 йилгача Миллий жамғарманинг валюта маблағларини 100 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифасини қўйди. Ваҳоланки, 2021 йил бошида жамғармадаги маблағлар 67 миллиард доллар бўлган бўлса, ҳозир улар 60 миллиард долларга етди. 2024 йил 1 январдан бошлаб Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Миллий жамғарманинг инвестиция даромадлари маблағлари болаларга ўтказилади, яъни Парламент бу борада тегишли қонунни қабул қилди. Бунда халқнинг Миллий жамғармага бўлган эътибори алоҳида бўлади, чунки ҳар бир ота-она ўз фарзандининг жамғармадан пул олишини кутмоқда. Шундай экан, келгусида бу жамғармадан маблағ олишни тўхтатишимиз керак”, – деди Парламент депутати Нуртай Сабилянов.

Ўз навбатида, ҚР Ҳукумати раҳбари Алихан Смаилов 2024 йилда Миллий жамғармадан мақсадли трансферт миқдори 1,6 триллион тенгени ташкил этишини айтди.

“Улар ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар ва стратегик инфратузилмани молиялаштиришга қаратилган. Бундан ташқари, Миллий жамғармадан жалб этилаётган маблағлар, мақсадли трансфертлар йил сайин камайиб бормоқда. Унинг ўрнини республика даромадлари тўлдиради. Бунинг учун тегишли инвестицияларни жалб этиб, муайян соҳани молиялаштириш муаммоларини ҳал қиламиз. Бу қадамлар давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, яъни кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, агросаноат комплексини молиялаштириш орқали амалга оширилмоқда. Ҳозирда умумий қиймати 32 триллион тенге бўлган 970 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқдамиз”, – деди Бош вазир.

Унинг фикрича, барча лойиҳаларни ишга тушириш учун инфратузилмани модернизация қилиш керак.

“Шунинг учун биз “Инвестиция учун тариф алмашинуви” дастурини амалга оширмоқдамиз. Тарифлар ҳисобига сув, иссиқлик, газ ва электр таъминоти тармоқларига 3 триллион тенгедан ортиқ маблағ жалб этилади. Ушбу инфратузилмани модернизация қилиш реал сектор тармоқларига бевосита ижобий таъсир кўрсатмоқда. Умуман олганда, келгуси йилларда иқтисодий ўсиш суръати ортади. Бу йил 4,7 фоизни, келаси йили эса 5,3 фоиз атрофида бўлади. 2026 йилга бориб у 6 фоизга ошади деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун республика бюджети даромадларини ошириш орқали иқтисодиётни мустаҳкамлашимиз керак. Иккинчидан, божхона ва солиқ соҳасида бошқарувни такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Умуман олганда, “сояли” иқтисодиётни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, – деди Алихан Смаилов.

Сўнгги хабарлар