Алихан Смаилов Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси билан учрашди

None
Фото: primeminister.kz
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва Хитой Халқ Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси Чжан Сяо Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар беради Kazinform ҚР Ҳукумати расмий сайтига таяниб.

Томонлар йилнинг биринчи ярмидаги ўзаро товар айирбошлаш суръатлари, транзит-транспорт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Қозоғистон ва Хитой ўртасида ўзаро маданий марказлар очиш, Қозоғистоннинг 2024 йилда Хитойда туризм йилини ташкил этиш масалаларини ва бошқа бир қатор мавзуларни кўриб чиқдилар.

Бош вазир мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Масалан, ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 34 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 24 миллиард долларга етди. Йилнинг биринчи ярмида у 20 фоизга ошиб, 13,6 миллиард долларни ташкил этди. Бундан ташқари, 2030 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 35 миллиард долларга етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Алихан Смаиловнинг қайд этишича, Қозоғистондан Хитойга нохом ашё етказиб бериш ҳажми ошган. Хусусан, жорий йилда пластмасса буюмлар, металл конструкциялар, ун, қандолат ва макарон маҳсулотлари етказиб бериш бошланди.

«Биз етказиб берилаётган товарлар ва хизматлар турларини кенгайтиришимиз ва мамлакатларимиз ишбилармон гуруҳлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишимиз керак, деб ҳисоблайман. Шу муносабат билан биз Хитойга 135 та маҳсулот позициясида нохом ашё экспортни 1 миллиард долларга оширишга тайёрмиз», – деди у.

ҚР Ҳукумати раҳбари сармоявий ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. Хитой анъанавий равишда Қозоғистон иқтисодиётига сармоя киритувчи ТОП-5 давлатдан бири ҳисобланади. Охирги 17 йил ичида Хитойдан киритилган сармояларнинг умумий ҳажми 23,5 миллиард долларга етди.

«Биз инвестиция ҳажмини ошириш учун катта имкониятлар мавжудлигини кўрамиз. Биз Хитой сармоявий ҳамжамиятини қўшма лойиҳаларда кенг иштирок этишга таклиф қиламиз», – деди Алихан Смаилов.

photo

Ўз навбатида, Хитой Халқ Республикасининг Қозоғистондаги элчиси бу йил ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Астана шаҳридаги давлат ташрифи чоғида эълон қилган «Бир камар, бир йўл» ташаббусининг 10 йиллиги нишонланишини эслатди.

«Қозоғистон бу ташаббусга биринчилар қаторида қўшилди ва уни амалга оширишда фаол иштирок этди. Ташаббус доирасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Бугун бизни 11 темир ва автомобил йўллари, учта нефть ва газ қувурлари ҳамда «Қорғас» чегара ҳамкорлик маркази бирлаштириб турибди. Бу йил икки томонлама муносабатларни ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам самарали бўлади», – деди Чжан Сяо.

Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг май ойида Хитойга ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлганини, унинг давомида бир қатор муҳим давлатлараро келишувларга эришилганини таъкидлади.

«Бугунги кундаги асосий вазифамиз эришилган барча келишувларни амалга оширишдан иборат», – деди Хитой Халқ Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси.


Сўнгги хабарлар
telegram