Али Алиев расман Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи бўлди

ASTANА. Кazinform - Али Алиев расман Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. У бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритаётган эди.

Али Алиев
Фото: ҚФФ

Бу ҳақда Қозоғистон футбол федерацияси маслаҳатчиси Нурсултан Қурман ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Али Алиев 1980 йил 27 октябрда Алмати шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолияти давомида “ЦСКА-Қайрат”, “Қайрат”, “Иртиш”, “Тобол”, “Шиғис”, “Ордабаси” ва “Қизилжар” клубларида ўйнаган.

У шунингдек, Туркиянинг «Акчаабат Себатспор», «Кайсери Эрджиеспор», «Карталспор» ва «Диарбакирспор» жамоаларида ҳам тўп сурган.

1999 йилда Қозоғистон ёшлар терма жамоаси таркибида Нигерияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган. У миллий терма жамоадаги илк ўйинини 2002 йили Эстонияга қарши ўтказган.

У мураббийлик фаолиятини 2014 йилда “Ордабаси” клубида футболчи ва мураббий сифатида бошлаган.

2018 йилда у “Қизилжар” клуби бошқарувини ўз қўлига олди ва уни олий лигага олиб чиқди. 2021 йилда у Қарағандининг “Шахтёр” клуби бош мураббийи бўлди, кейин эса “Астана” футбол клуби ёшлар жамоасини бошқарди.

2022 йилда "Женис" жамоасини бошқарган. Кейин “Қизилжар”га қайтди ва Петропавл клуби UEFА конференциялар лигаси саралаш босқичининг учинчи босқичига йўл олди.

2025 йилнинг январида у Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Унинг қўл остида терма жамоа ЖЧ-2026 саралаш босқичида Уэльсга ютқазди (1:3), Лихтенштейнни (2:0) мағлуб этди.

Энди терма жамоа навбатдаги ўйинини 9 июнь куни ўз майдонида Шимолий Македония терма жамоасига қарши ўтказади.

Сўнгги хабарлар