Аида Балаева: аёллар – мамлакат иқтисодиётининг ҳаракатлантирувчи кучи

ALMATY. Кazinform — Алмати шаҳрида BeWoman Asia 2025 форуми бўлиб ўтмоқда.

Балаева
Фото: Александр Павский / Kazinform

Форумнинг очилишида сўзга чиққан ҚР Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева замонавий қозоқ аёли қиёфасини тасвирлаб берди.

Вазир мамлакатда хотин-қизлар қиёфаси шунчаки қуруқ статистика эмас, бу миллионлаб аёлларнинг меҳнати ва билими билан ёзилаётган мамлакат тарихи эканини таъкидлади.

— Хотин-қизларимиз — бугун кунда иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи. Қозоғистондаги кичик ва ўрта бизнеснинг 48,2 фоизини аёллар бошқаради. Якка тартибдаги тадбиркорлар орасида уларнинг улуши 53,4 фоизни ташкил этади, — деди у.

Аида Балаеванинг сўзларига кўра, қозоғистонлик аёллар янги соҳаларга ишонч билан кириб бормоқда: талаба қизларнинг 30 фоиздан ортиғи СТEМ йўналишларини танлайди, аёлларнинг 31 фоизи IТ ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ишлайди. Мамлакатнинг энг йирик технопарки — Astana Hubда ҳар еттинчи стартапга аёллар томонидан асос солинган.

Давлат бошқаруви тизимида ҳам аёллар алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда давлат хизматчиларининг 55,8 фоизини аёллар ташкил этади. Судьяларнинг 53 фоиздан ортиғи, Парламент депутатларининг 20 фоизга яқини аёллардир. Уларнинг дипломатия ва ҳарбий соҳадаги улуши ҳали ҳам кичик: элчиларнинг 4 фоизи, полициячиларнинг 16 фоизи ва юқори мартабали ҳарбий амалдорларнинг — 4,4 фоизи.

— Бироқ, бу соҳалар келажакдаги ўсиш учун янги уфқларни очади, — деди вазир.

Аида Балаева қозоғистонлик аёлларнинг ижтимоий ва демографик кўрсаткичларини ҳам қайд этди. Ўртача умр кўриш 75-80 йил. Аёлларнинг саводхонлик даражаси 99,9 фоизни ташкил этади. Ҳар бешинчи аёл олий маълумотга эга. Қозоғистон олий таълим муассасалари талабаларининг ярми қизлардир. Илмий соҳада тадқиқотчиларнинг 55,7 фоизини аёллар ташкил этади.

— Қозоғистонлик аёл замонавий, билимли, иқтисодий фаол ва ижтимоий масъулиятли фуқародир. У бизнес билан шуғулланади, давлат лойиҳаларини бошқаради, лабораторияларда, қишлоқ хўжалигида, бизнесда, давлат хизматида ишлайди. Айни пайтда у меҳрибон қиз, хотин, меҳрибон она, — деди вазир.

Сўнгги хабарлар