Афғонистондаги зилзилада ҳалоқ бўлганлар сони 1 мингдан ошди
ASTANA. Kazinform – Сешанба куни тонгда Афғонистон тарихидаги энг кучли зилзилалардан бири ортидан қутқарув ишлари қайта бошланди. Зилзила натижасида 1124 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлди, бир неча минг одам жабрланди, деб хабар беради BBC.

Қутқарувчилар зилзиладан энг кўп жабрланган тоғли, етиб бориши қийин ҳудудларга кириб боришга уринаётгани айтилмоқда.
Афғонистон Қизил Яримой жамияти маълумотича, офат натижасида камида 3251 киши жабр кўрган, 8000 дан ортиқ уй вайрон бўлган.
Ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги зилзила эпицентрига энг яқин жойлашган Кунар вилояти аҳолиси бўлган. Зилзила якшанба куни кечқурун содир бўлган эди.
Расмийлар ҳалок бўлганлар сони яна ошиб бориши мумкинлигини таъкидламоқда, чунки бутун қишлоқлар вайронага айланган.
Ғарб мамлакатлари зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Британия 1 миллион фунт стерлинг ажратди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маблағлар шериклар орқали йўналтирилишини, ёрдам “Толибон” қўлига тушиб қолмаслигини таъкидлади.
Гуманитар ёрдам кўрсатиш ниятини Хитой, Ҳиндистон ва Швейцария ҳам билдирди.
Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкарнинг айтишича, мамлакат Кабулга мингта чодир етказган ва Кунарга 15 тонна озиқ-овқат юборган, сешанба куни қўшимча гуманитар юкларни жўнатиш режалаштирилган.
БМТ ўзининг фавқулодда вазиятларга жавоб қайтариш жамғармаси (CERF) орқали 5 миллион доллар ажратди.
Фожеа инсонпарварлик ёрдамини молиялаштириш истиқболлари мураккаб шароитда кечмоқда.
“Толибон” 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан бери Афғонистонга хорижий ёрдам кескин қисқарди. Бу эса дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири ҳисобланган Афғонистоннинг офатларга, жумладан мунтазам содир бўладиган зилзилаларга жавоб бериш имкониятларини янада заифлаштирди.
АҚШ 2025 йил бошигача Афғонистоннинг энг йирик донори эди. Бироқ Дональд Трамп президент сифатида иш бошлагандан сўнг, деярли барча қўллаб-қувватлаш дастурлари бекор қилинди.
БМТ Тараққиёт дастури маълумотларига кўра, Афғонистон аҳолисининг тахминан 85 фоизи кунига бир доллардан кам даромад билан яшайди.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Афғонистоннинг шарқида содир бўлган олти баллик зилзила оқибатида 800 дан зиёд одам ҳалок бўлиб, тахминан 2800 киши турли даражада жароҳат олгани ҳақида ёзган эдик.