Афғонистондаги зилзила қурбонлари сони 1411 кишига етди
ASTANA. Kazinform – Афғонистонда 5,2 балли навбатдаги зилзила содир бўлди. Ер силкинишлари Жалолободдан 34 км шимоли-шарқда маҳаллий вақт билан соат 15:29 да сезилган, деб хабар беради Anadolu.

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, ер силкинишлари чуқурлиги 10 километрни ташкил этган. Ҳозирча шаҳарда қурбонлар ва жароҳатлар ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ.
Афғонистоннинг шарқий Кунар вилоятида якшанба куни кечки пайт содир бўлган 6,0 магнитудали вайронкор зилзиладан кейин янги силкинишлар содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 1411 нафарга етган, жабрланганларнинг умумий сони 3124 нафарга етган.
Зилзила оқибатида 5412 уй вайрон бўлган. Афғонистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг маълум қилишича, шарқий учта вилоятда 8000 дан ортиқ уй вайрон бўлган. Кўп одамлар вайроналар остида қолиб кетган, қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
Расмийларнинг билдиришича, эвакуация ишлари давом этар экан, ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони ҳамон аниқланмоқда. Зилзила оқибатида юзага келган кўчкилар айрим йўлларни тўсиб қўйган, ҳозирда улар тозаланмоқда. Қутқарувчилар юзлаб одамларни қидирмоқда, бироқ тоғли ер ва ёмон об-ҳаво айрим қишлоқларга етиб боришни қийинлаштирмоқда.
Қутқарув ишларида маҳаллий аҳоли ҳам фаол иштирок этмоқда, вайроналар остидан чиқарилган жароҳатланганлар вертолётда шифохоналарга етказилмоқда.
Бир қанча давлатлар, жумладан Ҳиндистон, Швейцария, Хитой ва Буюк Британия афғон расмийларининг халқаро ёрдам сўраб мурожаати ортидан жабрланган ҳудудларга гуманитар ёрдам жўнатишга тайёр эканликларини билдирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) вайрон бўлган ҳудудларга 2000 та гуманитар ёрдам пакети юборилганини маълум қилди. Бунга бошпанасиз қолган оилалар учун гигиена воситалари, иссиқ кийим, кўрпа-тўшак, ошхона жиҳозлари киради.
Афғонистондаги зилзила қурбонлари сони 1100 нафардан ошгани ҳақида аввал хабар берган эдик.