АЭС қанчалик хавфсиз - Буюк Британиянинг собиқ вазири билан суҳбат
ТASHKENT. Кazinform — Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари атом энергетикасини ривожлантиришга юз тутмоқда. Айни вақтда Ўзбекистонда кам қувватли АЭС қурилиши бошланар экан, Қозоғистон энергетика иншоотини қуриш бўйича референдум ўтказиб, лойиҳаларни ўрганишга киришди. Шу муносабат билан Тошкентда бўлиб ўтган “Ядро уфқи: кам қувватли АЭС қурилиши ва энергетика тизимлари интеграцияси” конференцияси доирасида Kazinform мухбири Буюк Британиянинг собиқ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги вазири, ҳозирги NNWI компаниясининг директори Тим Йео билан суҳбатлашиб, соҳанинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўради.

— Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон ва Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, бу борада илк қадамларни ташлай бошлади. Шу билан бирга, минтақа давлатлари атом генерациясини жорий қилиш орқали нималарга эришади?
— Ҳозир Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистон учун атом энергетикасини ривожлантириш даври. Зеро, газ ва кўмир ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришни босқичма-босқич камайтиришимиз керак. Бунга атом электр станцияси ёрдамисиз эришиб бўлмайди. Шу билан бирга, энергия балансида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, АҚШ атом энергетикасини ривожлантиришда тўғри йўл танламади. Марказий Осиё мамлакатлари эса истиқболли йўналишга кирди. Албатта, бу бизни хурсанд қилади.
— Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг яшил энергия ишлаб чиқариш бўйича қандай қадамларларини алоҳида таъкидлар эдингиз?
— Бугун Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари яшил энергия ишлаб чиқариш бўйича тегишли лойиҳаларни амалга ошираётганини кўриб турибмиз. Қайта тикланадиган энергия манбалари, хусусан, қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳар доим ҳам эҳтиёжни қоплай олмаслигини тушунишимиз керак. АЭС эса узлуксиз электр энергияси билан таъминлай олади. Шу нуқтаи назардан қараганда, икки давлат танлаган йўналиш жуда ўринли.

– Бугунги кунда атом электр станцияларининг хавфсизлиги ҳақида турли фикрлар мавжуд. Сизнингча, атом энергетикаси энергия манбаи сифатида қанчалик хавфсиз?
— Ишончим комилки, атом электр станциялари хавфсиз. Кейинги 3 йил ичида биз Европа комиссиясига ушбу энергия манбаи хавфсиз ва тоза эканлигини исботладик. Унинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарари йўқ. Халқаро атом энергияси агентлиги ҳам худди шундай фикрда. Бу ташкилот дунё давлатларини атом генерациясига мурожаат қилишга ундамоқда. Шундай экан, қозоғистонликлар ва ўзбекистонликлар учун ташвишланишга асос йўқ.
— Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари яқин 35 йил ичида углерод нейтраллигига эришишни режалаштирмоқда. Икки давлатнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ва иродасини қандай баҳолайсиз?
— Ишончим комилки, Марказий Осиё давлатлари 2060 йилгача углерод нейтраллигига эриша олади. Шунга кўра, бу жараённи тезлаштиришга ҳаракат қилиш керак. Агар шу вақтга қадар углерод нейтраллигига ўтиш режаси амалга оширилмаса, у ҳолда экологик офатларнинг оқибатлари жуда жиддий бўлиши шубҳасиз. Кейинги 35-40 йил ичида энергия ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган газ ва кўмир каби ресурслар камаяди. Шундай экан, шу вақтгача барча иссиқлик энергия марказларини ёпишга ҳаракат қилишимиз лозим. Шу билан бирга, мен Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг лойиҳалари ва иродасини юқори баҳолайман.
— Суҳбатга вақт ажратганингиз учун ташаккур!