83 кишини ўлдирган жиноятчига яна бир ҳукм чиқарилди

“Попков 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди”, — дейилади Иркутск вилояти прокуратураси матбуот хизмати.
У Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “а” банди (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдириш) бўйича айбдор деб топилди.
Терговчилар ва суд унинг 1997 йилда Иркутскнинг Жилкино қишлоғида 27 ёшли аёлни ўлдиришга алоқадорлигини исботлади. Шунингдек, у 1998 йилда Иркутскдаги Ангар дарёси бўйида 25 ёшли аёлни, 2003 йилда эса Иркутскнинг Ново-Ленинск қабристонида 31 ёшли аёлни ўлдирган. Маньяк улардан иккитасини бўғиб ўлдирган, учинчисини пичоқлаган.
Попков 1998 йилгача Ангар шаҳар ички ишлар органларида ишлаган ва ўша йили кетган. Собиқ милицонер 2015 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2018 йил декабрь ойида суд уни иккинчи марта умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Психологик-психиатрик таҳлил натижаларига кўра, Попковнинг жиноятига гомицидомания, яъни қотилликка иштиёқ сабаб бўлган. Шунга қарамай, унинг ақли расо эканлиги аниқланди.
2020 йил июль ойида Тергов қўмитаси собиқ милицонер яна икки кишини ўлдирганини тан олгани, 2021 йилда эса суд уни тўққиз йилу саккиз ойга озодликдан маҳрум қилгани ҳақида хабар берган эди.
2022 йилда Попков Иркутскда яна учта аёлнинг ўлимига алоқадорлигини эълон қилди. У Мордовиядаги қаттиқ тартибли колонияда умрбод қамоқ жазосини ўтаётиб, айбига иқрор бўлган.
Попков энг ашаддий маньяк сифатида тан олинган. У "ростовлик маньяк" Чикатилодан ҳам кўпроқ одамни ўлдирган.