73 ёшли қозоғистонлик Сарсенбай Қотирашов эртадан бошлаб дунё бўйлаб пиёда саёҳатга чиқади
Qazaq Geography ташкилоти тарқатган маълумотларга кўра, 2 август куни таниқли қозоқ сайёҳи Сарсенбай Қотирашов дунё бўйлаб пиёда саёҳатини Атираудан бошлайди.
Оқсоқол Қозоғистон – Россия – Грузия – Туркия – Болгария – Сербия – Венгрия – Австрия – Германия – Франция – АҚШ – Хитой – Мўғулистон – Россия – Қозоғистон йўналиши бўйлаб саёҳат қилишни режалаштирган.
Хабарда айтилишича, саёҳат 2 йил давом этади ва у 2025 йилнинг августида саёҳатини якунламоқчи.
Қулайлик учун маршрут бир неча босқичларга бўлинган.
Биринчи босқич: Қозоғистон-Россия-Грузия-Туркия. Режага кўра, бу муддат 3000 километрни ташкил этади ва 100 кун ичида амалга оширилади.
Иккинчи босқич: Туркия-Франция-АҚШ (180 кун ва 9 минг км дан ортиқ).
Учинчи босқич: АҚШ-Хитой-Мўғулистон-Россия-Қозоғистон (130 кун ва 4 минг км дан ортиқ).
Сарсенбай Қотирашовнинг ўзи айтганидек, саёҳатнинг асосий мақсади Гиннеснинг рекордлар китобига кириш ва жаҳон рекордини ўрнатишдир.
Китобдаги маълумотларга кўра, ёши 70 дан ошган одамнинг дунё бўйлаб пиёда саёҳат қилгани қайд этилмаган.
«Соғлигим жуда яхши. Қозоғистондаги пиёда марафони мен учун синов ва тайёргарлик бўлди. Инсоннинг ёши марафонга тўсқинлик қилмайди. Мақсадимга эришишимни ҳис қиляпман, ўз кучимга ишонаман, шунинг учун ҳам мана шундай масъулиятли қадам ташлашга қарор қилдим», - деди оқсоқол йиғилишда.
Шунингдек, у ўзи билан машҳур аравасини олиб кетишини айтди, унда фақат зарур гигиена воситалари, алмаштириладиган кийим-кечак, пойабзал ва оз миқдорда озиқ-овқат бор.
Сарсенбай Қотирашов кунига 30-40 километр йўл босиб ўтишни режалаштирган.
«Қариганда бундай саргузаштга фақат қалбинг ҳоҳласагина бориш мумкин. Сиз соғлом турмуш тарзини тарғиб этишнинг ажойиб намунаси, куч-қудрат, матонат ва жасорат ифодасисиз. Сизга сиҳат-саломатлик, куч-қувват, мақсадларингизга эришишингизга тилакдошмиз», - дейди Qazaq Geography бошқаруви раиси Ерик Султанов.
С.Қотирашовга Қозоғистоннинг бошқа мамлакатлардаги элчихоналари, шунингдек, маҳаллий қозоқ диаспоралари ёрдам беради.
Саёҳатчи вакили Бахтияр Қожахметов йўлда оқсоқол билан алоқада бўлади ва назорат қилади.
«Биз Қозоғистоннинг консуллик ва элчихоналари билан музокаралар олиб бордик, улар бизни қўллаб-қувватладилар ва ўзлари жойлашган мамлакатлар ташқи ишлар вазирликларини хабардор қилишди. Яъни чегарада ҳеч қандай муаммо бўлмайди, Сарсенбай оғанинг паспорти бўйича муаммо йўқ, Қозоғистон фуқаролари Россия, Туркия ва Грузияга боришлари учун визага муҳтож эмас», — деди у.
Биринчи босқич якунлангач, Сарсенбай Қотирашов қишни кутади ва баҳор бошланиши билан тўхтаган жойидан дунёни айланиб чиқиш учун Қозоғистонга қайтади.
Айни пайтда, унинг вакиллари кейинги босқичга ёрдам бериш учун ушбу улуғвор лойиҳани молиялаштира оладиган ҳомийларни топишга умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сарсенбай Қотирашов ўтган йили 72 ёшида Қозоғистоннинг 17 та вилоятини (8 минг км) 6 ой ичида пиёда босиб ўтган эди.