50 га яқин Сингапур компанияси «AIFC Connect: Singapore 2023» кўргазмасида иштирок этди
“Астана” халқаро молия маркази (АХММ) Қозоғистон Республикасининг Сингапурдаги Элчихонаси кўмагида ушбу мамлакатда «AIFC Connect: Singapore 2023» тадбирини ўтказди, деб хабар беради Kazinform.
Ишбилармонлик учрашувида халқаро инвесторлар ва таниқли молиявий экспертлар йиғилиб, Қозоғистон ва Марказий Осиёда бизнесни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, капитал бозори ва активларни бошқариш масалаларини муҳокама қилишди.
Учрашувни Қозоғистон Республикасининг Сингапур, Австралия ва Янги Зеландиядаги Элчиси Асқар Қуттиқадам очиб берди.
“Қозоғистон ва Сингапур доимий сиёсий мулоқот ва иқтисодий алоқаларга асосланган мустаҳкам ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйган дўст давлатлардир. Биз Сингапурни Жануби-Шарқий Осиёдаги асосий сиёсий ва иқтисодий ҳамкор сифатида кўрамиз. Ўз навбатида Қозоғистон Сингапурнинг Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ҳамкор сифатидаги ролини мустаҳкамлаш ниятида. Сингапурнинг 8-Президенти олий мартабали Ҳалима Якоб хонимнинг жорий йил май ойида Қозоғистонга тарихий давлат ташрифи ҳамкорлигимизнинг янги босқичини очди. Турли соҳаларда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича ўзаро мажбуриятлар мустаҳкамлангани мазкур тадбирнинг асосий натижаси бўлди”, — деди у.
Панел сессияси иштирокчилари кўплаб масалалар бўйича ўз билим ва таклифларини илгари суришди.
Таниқли маърузачилар: Тек Кхан Онг (Templeton Asset Management бош директори), Алексис Нг (Ashmore Сингапур раҳбари ва Осиё-Тинч океани директори), Тан (Quest Ventures бошқарувчи ҳамкори).
Панел сессиясини Das Family Office ҳамкори ва стратеги Райнер Майкл Прайс бошқарди.
АХММ Бошқарувчиси Ренат Бектуров мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг истиқболлари ва ҳамкорликнинг асосий кўрсаткичлари ҳақида гапирди.
“Қозоғистон ва Сингапур Марказий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиёдаги икки йирик савдо ва сармоявий шерик бўлганлиги сабабли, иқтисодий ҳамкорлик, шубҳасиз, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Сингапурнинг Қозоғистонга киритган сармояларининг умумий ҳажми 1,35 миллиард доллардан ошди. Қозоғистонда молия ва суғурта хизматлари, қайта ишлаш, тоғ-кон саноати каби йирик тармоқларни қамраб олган 90 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда улгуржи ва чакана савдо, касбий, илмий-техникавий соҳаларда 143 та Сингапур компанияси фаолият юритмоқда. “Ўрта йўлак” номи билан ҳам танилган Транскаспий халқаро транспорт йўналиши иккала ҳамкор давлат учун ҳам юқори транспорт салоҳиятидан далолат беради. АХММ ушбу ва бошқа трансмиллий лойиҳаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш учун инфратузилмани таъминлашда давом этмоқда”, — деди Ренат Бектуров.
Тадбир доирасида иккита панел сессияси ўтказилди. Биринчи сессия технологик жиҳатдан илғор AIX фонд биржасининг пайдо бўлиши шароитида Қозоғистон капитал бозорида жозибадор инвестиция имкониятларини ўрганишга бағишланди, у тез суръатлар билан ўсиши билан эътиборни тортди.
Иккинчи панел сессияси минтақада активларни бошқариш индустриясини ривожлантиришда АХММ салоҳиятини, шунингдек, Марказий Осиё минтақаси бозорига киришга интилаётган ушбу соҳадаги глобал компаниялар дуч келаётган истиқбол ва муаммоларни ўрганишга қаратилди.
АХММ Маъмурияти Бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Темирлан Муханбетжановнинг сўзларига кўра, АХММ юрисдикцияси компанияларга катта афзалликларни тақдим этади, жумладан, инглиз умумий ҳуқуқ тамойилларига асосланган ҳуқуқий база, мустақил молиявий тартибга солиш, низоларни ҳал қилишнинг нейтрал механизмлари, мослашувчан корпоратив бошқарув ва қулай солиқ режими.
Хизматларнинг кенг спектрини тақдим этувчи АХММ нафақат молиявий компанияларни, балки молиявий бўлмаган компаниялар ва профессионал хизмат кўрсатувчи провайдерларни ҳам рўйхатдан ўтказади. Бугунги кунда АХХМ юрисдикцияси остида криптомайнинг ва маълумотларни қайта ишлаш, IT, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, савдо, молиявий хизматлар ва бошқа Сингапурнинг 29 иштирокчи компанияси ўз бизнесини фаол ривожлантирмоқда.
Ушбу ишбилармонлик учрашуви тажриба ва билим алмашиш, томонлар ўртасида ўзаро тушуниш ва мулоқотни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш, капиталнинг динамик ва ликвид капитал бозори ва инновацияларни рағбатлантириш мақсадида фаолият юритаётган АХММ доирасида ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш муҳимлигини кўрсатди. Молия бозорида етакчи бўлган АХММ Қозоғистонга бутун дунёдан жалб этилаётган инвесторларга тақдим этилаётган имкониятларни илгари суришда давом этади.