349 мингдан ортиқ қозоғистонлик проактив давлат хизматлари ҳақида SMS-хабарлар олди
ASTANА. Кazinform – Рақамли оила картаси (РОК) жорий этилиши натижасида йил бошидан буён 349,7 минг фуқарога ижтимоий-меҳнат соҳасидаги давлат хизматларини проактив форматда олиш учун SМS-хабарлар юборилди. Уларнинг 200 мингдан ортиғи нафақа ёки тўловни ариза бермасдан олиш имкониятидан фойдаланди.

ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги маълумотларига кўра, РОК давлат органларининг мавжуд ахборот тизимлари маълумотлари асосида шакллантирилади. Айни пайтда унда 20,2 миллион фуқаро ёки 6,2 миллиондан ортиқ оила тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.
Янги тизимнинг асосий мақсади қозоғистонликларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимидан тенг фойдаланишини таъминлашдан иборат. Қозоғистон Республикасининг Ижтимоий кодекси РОКни ижтимоий сиёсатнинг ўрта ва узоқ муддатли мақсадлари ва йўналишларини белгиловчи восита сифатида белгилайди.
– РОК орқали фуқаролар 11 турдаги нафақа ва ижтимоий тўловларни ариза ёзмасдан расмийлаштиришлари мумкин. Буларга қуйидагилар киради: меҳнат қобилиятини йўқотиш, ишсизлик, боқувчисини йўқотиш учун ижтимоий тўловлар; бола туғилганда ва бир ярим ёшга тўлгунга қадар болани парвариш қилиш учун бериладиган нафақалар; ногирон болани тарбиялаётган ота-оналар учун имтиёзлар; ногиронлик бўйича, кўп болали оилаларга, «Алтын алқа», «Күміс алқа»(олтин, кумуш кўкрак нишонлари) билан тақдирланган оналарга бериладиган нафақалар; манзилли ижтимоий ёрдам ва дафн пуллари, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, РОК орқали пенсия тўловлари, “ватандош” мақомининг узайтирилиши ва муддати тугаши, ишсизларни иш билан таъминлаш чоралари тўғрисида автоматик хабарномалар ҳам йўлга қўйилди.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳуқуқи аниқланган тақдирда, потенциал олувчиларга 1414 ягона алоқа марказидан SМS -хабар юборилади. Фуқаронинг унга розилиги тўғрисида жавоб берганидан сўнг, ариза автоматик тарзда кўриб чиқилади, нафақа ёки тўлов тайинланади ва маблағлар банк ҳисоб рақамига ўтказилади.
Фирибгарлик хавфининг олдини олиш учун фақат 1414 ягона call-марказидан олинган SМS-хабарларга жавоб бериш керак. Барча саволлар бўйича 1414 рақамига қўнғироқ қилиб, сall-маркази билан боғланиш мумкин. Қўнғироқ бепул.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг транзит қилиниши устидан назорат кучайтирилди.