3-триместрда юқтирилса, бола соғлом туғилади: Коронавирус ҳақида 15 та янги факт

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Касалликни ким кўпроқ юқтиради, ёши ва жинси таъсир қиладими, ўлим даражаси қандай ва бошқа яна қандай муҳим маълумотларни билиш лозим? Kazinform Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Товар ва хизматларнинг сифати ва хавфсизлиги қўмитасига таяниб коронавирус ҳақида 15 та янги фактларни тақдим этади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Хитойга бир гуруҳ халқаро экспертларни COVID-19 коронавирусининг тарқалиши билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиш учун юборди. Уларнинг фаолияти якунларига бағишланган катта матбуот анжумани бўлиб ўтди ва Пекин, Ухан, Шэньчжэн, Гуангжоу ва Чэндуга борилган ташрифлар ҳақида махсус маъруза нашр этилди. Мана энг қизиқарли фактлар:

1. COVID-19 одатда узоқ масофаларга тарқалмайди. Ҳаво томчилари орқали бемор билан яқин алоқада бўлгандагина юқтириш мумкин. Шу сабабли, аввал бошида беморнинг оила аъзолари касал бўлишди.

2. 2 055 нафар касалланган касалхона ходимларининг аксарияти уй шароитида ёки Уханда тарқалишининг дастлабки босқичларида, барча чоралар кўрилмаган пайтда юқтиришган.

3. Касалликнинг давомийлиги одатда икки ҳафта. Оғир ҳолатларда, 3 ҳафтадан 6 ҳафтагача.

4. Бугунги кунда пойтахти Ухан шаҳри бўлган Хубэй провинциясида 65 мингдан ортиқ одам касалланган. Бошқа вилоятлардан 40 мингга яқин тиббий ходимлар у ерга юборилган.

5. Вирус юқтирганларга 45 касалхона хизмат кўрсатади, улардан 6 таси критик аҳволдаги касалларга, 39 таси оғир касалларга ва 65 ёшдан ошганларга мўлжалланган. Қисқа вақт ичида 2600 ўринли иккита янги касалхона қурилди. Вирусга чалинганларнинг 80 фоизида касалликнинг енгил белгилари мавжуд бўлганлиги сабабли, улар учун спорт заллари ва кўргазма залларида 10 та вақтинчалик касалхоналар ташкил этилган.

6. Ҳозирги вақтда Хитой ҳар ҳафтада 1,6 миллион коронавирус диагностик тўпламларини ишлаб чиқариши мумкин. Синов натижаси ўша куни маълум бўлади. Бутун мамлакат бўйлаб, иситма билан шифокорга борганларнинг барчаси текширувдан ўтадилар. Ухандан узоқда жойлашган Гуангдонг провинциясида 320 минг киши текширилди, улардан 0,14 фоизида вирус аниқланди.

7. Касалланган одамда касаллик аломатлари билинмайдиган ҳолатлар жуда кам учрайди. Кўпинча вирусли инфекция юқтирган одам бир неча кун ичида буни сезади.

8. Тез-тез учрайдиган аломатлар: иситма (88%) ва қуруқ йўтал (68%), ёмон ҳис қилиш (38%), йўталаётганда шилимшиқ тушиши (33%), нафас қисилиши (18%), томоқ оғриғи (14%), бош оғриғи (14%), мушак оғриғи (14%), титроқ (11%). Кўнгил айниши ва қайт қилиш (5%), бурун тиқилиши (5%) ва диарея (4%) камроқ учрайди. Буруннинг оқиши COVID-19 аломати эмас.

9. Хитойда 44 672 нафар касалланган одам ўртасида ўтказилган сўровда ўлим даражаси ўртача 3,4% ни кўрсатди. Ушбу кўрсаткич ёшга, жинсга, бошқа соғлиқ муаммоларига ва соғлиқни сақлаш тизимининг тезкорлигига боғлиқ. Шундай қилиб, илгари мавжуд бўлган юрак-қон томир касалликлари билан касалланганлар орасида ўлим даражаси 13,2%, қондаги шакарнинг юқори кўрсатгичи - 9,2%, юқори қон босими билан оғриган одамларда - 8,4%, сурункали нафас олиш касалликларида - 8% ташкил этди. Соғлиғи билан боғлиқ муаммолар бўлмаган одамларнинг 1,4%ида ўлим кузатилади.

10. Хитой аллақачон касалликни даволашнинг турли усулларини синаб кўрди ва уларнинг энг муваффақиятли усуллари бутун мамлакат бўйлаб жорий этилди. Бунинг натижасида ҳозирда ўлим даражаси бир ой олдингидан пастроқ.

11. Сиз қанчалик ёш бўлсангиз, инфекция ва инфекциянинг асоратлари камроқ бўлади. Ҳозирги кунда ушбу касалликка чалинганларнинг 72,8 фоизи 40 ёшдан ошган одамлардир. 19 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар - юқтирганларнинг 2,1%ини ташкил қилади.

12. Аёллар ҳам, эркаклар ҳам бирдек касал бўлишади. Аммо хитойлик аёлларнинг фақатгина 2,8 фоизи ушбу касалликдан вафот этган, эркакларда бу кўрсаткич 4,7 фоизга этади. Охирги триместрда касаллик юқтирган ҳомиладор аёллардан болалар соғлом туғилади. Ҳомиладорликнинг дастлабки босқичларида инфекциянинг ҳомилага таъсири ҳақида гапириш жуда эрта.

13. Янги вирус генетик жиҳатдан кўршапалакларда учрайдиган маълум коронавирус билан 96% ўхшайди, панголинлардаги коронавирус билан ўхшашлиги 86-92%ни кўрсатади. Шундай қилиб, мутацияга учраган вирусни ҳайвонлардан одамларга юқиши COVID-19 пайдо бўлишининг энг катта сабабидир.

14. Январ ойининг охиридан бошлаб Хитойда янги юқтириш ҳолатлари сони доимий равишда пасайиб бормоқда. Ҳозирги кунда кунига ўртача 329 та янги ҳолат қайд этилмоқда.

Бир ой олдин уларнинг сони 3000 га яқин эди.

15. Бутун мамлакат бўйлаб инфекцияланган одамлар орасида Хитой томонидан ўтказилган сўровлар юқумли касалликларни назорат қилишда жуда самарали бўлди. Улардан бошқалар билан яқинда содир бўлган барча алоқалар тўғрисида сўралади ва кейин текширилади. Бунинг учун Ухан шаҳрида 1800 та жамоа ишлайди, уларнинг ҳар бири камида 5 кишидан иборат. Аммо шаҳар ташқарисидаги саъи-ҳаракатлар ҳам жуда яхши. Масалан, Шэньчжэнда 2 842 одам касаллик юқтиришда гумон қилинган, уларнинг барчаси топилган. Ҳозирги пайтда уларнинг 2 440 таси текширилди ва уларнинг 2,8%идан вирус аниқланди. Сичуан провинциясида 25 493 киши гумон қилинган, улардан 25 347 (99%) киши топилган. Улардан 23 178 нафари аллақачон кўрикдан ўтган ва 0,9 фоизи юқтирганлиги аниқланган. Гуангдонг провинциясида 9 939 кишининг исмлари айтилган ва уларнинг барчаси ҳам топилган - уларнинг 7 765 таси аллақачон тиббий кўрикдан ўтган ва 4,8% касалланганлиги аниқланган. Бу шуни англатадики, инфекцияланган одам билан алоқа қилганда, коронавирусни юқтириш эҳтимоли 1 дан 5% гача.


Сўнгги хабарлар
telegram