21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни

Ўзбек тили байрами
Фото: очиқ манбалардан олинган

Бугун Ўзбекистонда Ўзбек тили байрами куни нишонланади, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

ЮНЕСКОнинг маълумотларига кўра, дунёда қарийб 7 мингга яқин тил мавжуд, аммо улардан фақат 200 га яқинигина давлат тили мақомига эга. Шулар қаторида ўзбек тили ҳам бор.

Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган. Ўшандан бошлаб тилшунослар, адабиётшунослар ўртасида бу кун рамзий маънода байрам сифатида нишонланган.

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-615-сон Қонунига асосан эса 21 октябрь мамлакатда Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. 2020 йил 10 апрелда «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган.

Ўзбек тили — туркий тилларнинг қорлуқ гуруҳига мансуб тиллардан; янги уйғур тили билан биргаликда қорлуқхоразм гуруҳчасини ташкил этади. Асосан, Ўзбекистонда, шунингдек, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, РФ, Туркия, Саудия Арабистони, Хитой, АҚШ, Германия ва бошқалар мамлакатларда тарқалган.

Ўзбек тили қипчоқ, ўғуз, қорлуқчигилуйғур каби 3 та тил бирлиги сифатида шаклланиб, мураккаб диалектал таркиби билан ажралиб туради. Унда 3 та асосий лаҳжа гуруҳи бор. Булар:

1) қорлуқчигилуйғур лаҳжаси;

2) қипчоқ лаҳжаси;

3) ўғуз лаҳжаси.

Бу лаҳжа гуруҳлари таркибидаги кўплаб шевалар ўзаро фонетик, лексик ва қисман морфологик жиҳатдан ўзаро фарқланса ҳам, уларнинг барчаси ҳам миллий ўзбек тилининг, адабий ўзбек тилининг шаклланишида у ёки бу даражада иштирок этган. Ўзбек тилининг лаҳжалари орасида, одатда, қорлуқчигил лаҳжаси ҳамда унинг таркибига кирувчи шевалар (Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Қўқон, Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғон, Бухоро, Қарши, Ўш, Марғилон, Жалолобод ва бошқалар шаҳарларнинг шевалари) ўзбек адабий тилининг таянч шевалари деб ҳисобланади. Ўзбек адабий тилининг меъёрларини белгилашда Тошкент шеваси фонетик жиҳатдан, Фарғона, Андижон шевалари эса морфологик жиҳатдан таянч шевалар деб олинган.

Ўзбек тилининг асосий фонетик белгилари: таянч шеваларда, шунингдек, бошқа туркий тилларда 8—9 унли бўлгани ҳолда, адабий ўзбек тилида 6 унлининг мавжудлиги; айрим шеваларга, бошқа бир қанча туркий тилларга хос бўлган лаб ва танглай оҳангдошлиги (сингармонизм)нинг адабий ўзбек тилида йўқлиги, урғунинг, асосан, сўзнинг охирги бўғинига тушиши ва бошқалар; морфологик белгилари: отларнинг келишик (6 та келишик мавжуд), эгалик, сон (бирлик ва кўплик) категорияларига эгалиги ва шулар бўйича ўзгариши, жинс категориясининг йўклиги; сингармонизм йўқлиги туфайли сўз ва шакл ясовчи қўшимчаларнинг бир вариантлиги; сифатларда даража категориясининг (озайтирма ва кучайтирма шаклларнинг) мавжудлиги; олмош ва сон турқумларида сўз ясалишининг йўқлиги; кўплаб равишларнинг ўзига хос қўшимчалар билан ҳосил бўлиши; феълларда майл, нисбат, шахссон, замон категорияларининг мавжудлиги. Синтактик белгилари: сўзлар тенг ва тобе алоқада бўлиб, тобе алоқанинг 3 тури (бошқарув, мослашув, битишув) мавжуд; сўз тартибида аниқловчи аниқланмишдан, тўлдирувчи ва ҳол кесимдан олдин келади. Сўз ясалишида аффиксация устунлик қилади. Лексик таркиби ўз ва ўзлашган қатламдан иборат: ўз қатлам умумтуркий ва соф ўзбекча сўзлардан ташкил топган бўлса, ўзлашма қатламда кўплаб арабча, форсча, тожикча, мўғулча, русча ва рус тили орқали кирган байналмилал сўзлар бор. Терминология, асосан, байналмилал лексика ҳисобига бойиб бормоқда.

Сўнгги хабарлар
telegram