2026 йилгача 740 минг ўқувчига мўлжалланган янги форматдаги 369 та мактаб қурилади

ASTANA. Kazinform – ҚР Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр раислигида ўтказилган йиғилишда “Қулай мактаб” миллий лойиҳасини амалга оширишнинг бориши кўриб чиқилди.

Жайлы мектеп
Фото: Үкімет

Давлат раҳбари топшириғига кўра, мамлакатда “Қулай мактаб” миллий лойиҳаси амалга оширилиб, унинг доирасида 2026 йилгача 740 минг ўқувчига мўлжалланган янги форматдаги 369 та мактаб қуриш режалаштирилган. Бугунги кунда 217 та мактабда жадал ишлар олиб борилмоқда.

Миллий лойиҳани амалга ошириш жараёнида таълим муҳитининг функционаллиги ва хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бошланғич ва ўрта мактаб ўқувчилари учун алоҳида блоклар мавжуд. Талаблар қаторида замонавий техник жиҳозларни жорий этиш орқали хавфсизлик чораларини кучайтириш, махсус таълимга муҳтож болалар учун тўсиқсиз муҳит яратиш, мактабларни замонавий синф хоналари билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга устувор аҳамият қаратиляпти. Миллий лойиҳадаги қозоғистонлик ишлаб чиқариш материалларининг улуши ўртача 70% ни, шу жумладан қурилиш материаллари 90% гача улушни ташкил этади. Мебель маҳсулотлари фақат маҳаллий ишлаб чиқаришдан тақдим этилади.

«Samruk-Kazyna Construction» АЖ бошқаруви раиси М. Айманбетовнинг сўзларига кўра, биринчи объектларни ишга тушириш муддатидан олдин якунланади. Яъни август ойида ўқув йили бошлангунга қадар 21 та “қулай мактаб” фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, режага кўра, сентябрь ойида 18 та, октябрь ойида яна 58 та, йил охирига қадар 112 та мактаб фойдаланишга топширилади. Шунингдек, мамлакатда турли молиявий манбалар ҳисобидан 85 та мактаб қурилиши давом этаётган бўлиб, улардан 8 таси фойдаланишга топширилган, 30 дан ортиқ мактабни янги ўқув йили бошланишига қадар қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, миллий лойиҳанинг 2-босқичини амалга оширишнинг ташкилий масалалари ҳам муҳокама этилди, хусусан, 2025 йил охиригача 152 та “қулай мактаб” қуриш бўйича пудратчи ташкилотларни аниқлаш бўйича тендерлар ўтказиш топширилди.

Йиғилишда Роман Скляр ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни максимал даражада жалб этиш, қурилиш сифатини қатъий назорат қилиш, фойдаланишга топширишнинг белгиланган режасига риоя этилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Сўнгги хабарлар