2025 йилгача 2 миллиондан ортиқ иш ўрни яратилади – ҚР Бош вазири ўринбосари
Давлат раҳбарига халқ даромадларини ошириш дастури ижроси ҳақида маълумот берилди.
Ерали Тоғжанов Қасим-Жомарт Тоқаевга биринчи ярим йиллик якунларига кўра Дастур доирасида бюджет соҳасида 850 минг, квази секторда 240 минг, тадбиркорлик тузилмаларида эса 1,2 миллион ходимнинг иш ҳақи оширилганини айтди.
Президентга Ҳукумат барча ижтимоий мажбуриятларни бажараётгани маълум қилинди. Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда кам таъминланган фуқароларни ижтимоий жиҳатдан иқтисодиётга жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда улар учун иш ўринлари очилиб, янги касб-ҳунар ўрганиши учун малака ошириш имконияти яратилмоқда.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, 2025 йилгача инвестиция лойиҳалари доирасида 2 миллиондан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган. Уларнинг 444 мингтаси жорий йилда фойдаланишга топширилади. 1 июл ҳолатига кўра, 249 минг киши иш билан таъминланган. Бу йиллик режанинг 56 фоизига тўғри келади.
Ҳокимликлар билан ҳамкорликда 2025 йилгача қайта ишлаш саноати, нефт-газ кимёси ва аграр соҳада инвестиция лойиҳалари жамғармаси яратилди. Ушбу рўйхатга 266 мингдан ортиқ киши иш билан таъминлайдиган 847 га яқин лойиҳа киритилган.
Давлат раҳбарига амалиёт муддатини узайтириш, иш ҳақи миқдорини ошириш ва «Ёшлар амалиёти» ва «Биринчи иш» лойиҳалари доирасида ёшларнинг янги бизнес ғояларини амалга ошириш учун ажратиладиган грантлар миқдорини ошириш ҳақида маълумот берилди. Ижтимоий заиф қатламга мансуб фуқароларнинг барқарор даромад олиши учун шарт-шароит яратилиб, хотин-қизларни иш билан таъминлаш механизми ишлаб чиқилмоқда.
Давлат раҳбари халқ даромадини ошириш муҳимлигини, бу миллий лойиҳаларда белгиланган мақсадларга эришиш билан бевосита боғлиқлигини таъкидлади. Ҳукуматга бу масалаларни алоҳида назоратда ушлаб туриш топширилди. Президент фуқароларнинг даромадларини ошириш ишлари барча марказий ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг асосий вазифаси бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
Фото: аqorda.kz