2024 йил 1 январдан Қозоғистон КХШТга раислик қилади
Қасим-Жомарт Тоқаев КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида иштирок этди, дея хабар беради Кazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Беларусь Президенти Александр Лукашенко раислигидаги саммитга Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Россия Президенти Владимир Путин, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон келди.

Қасим-Жомарт Тоқаев учрашувни юқори савияда ташкил этгани, сессия иштирокчиларига эътибор қаратгани учун Беларусь томонига ва Александр Лукашенкога миннатдорлик билдирди.
Президент 2024 йил 1 январдан КХШТга раислик қилиш масъулияти Қозоғистон Республикасига ўтишини маълум қилди. Шу муносабат билан Давлат раҳбари Қозоғистон раислиги даврида Ташкилот фаолиятида алоҳида эътибор талаб қиладиган қатор устувор йўналишларни таклиф қилди.

- Биринчидан, КХШТ хавфсизлигини таъминлаш соҳасида манфаатдор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тузилмалари билан ўрнатилган ҳамкорлик даражасини сақлаб қолишни алоҳида таъкидлашни тавсия қиламиз. Бу иш БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ Котибияти ўртасида 2010 йил 18 мартда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация асосида амалга оширилмоқда. Биз МДҲ ва ШҲТ ўртасидаги ҳамкорлик янада чуқурлашаётганини олқишлаймиз. “ КХШТнинг МДҲ ва ШҲТ ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирлар” номли ҳужжат унинг аниқ қадамларини белгилаб берилган, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев
Ҳарбий ҳамкорлик масалалари бўйича мулоқот ташкилот фаолиятининг иккинчи муҳим йўналиши сифатида тақдим этилди. Қозоғистон Президенти фикрича, КХШТ Коллектив кучларининг тезкор ҳаракат қилиш масалалари билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш зарур.

– Бу контингентнинг тўсиқсиз ва тўхтовсиз ҳаракатланиши, ҳарбий самолётларнинг парвози ва бошқа кўплаб жиҳатларга тааллуқлидир. Шу билан бирга, КХШТга аъзо давлатларнинг ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини ва ҳарбий-илмий қудратини ривожлантиришни давом эттириш зарур. Ташкилотнинг тинчликпарварлик салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади. Шу билан бирга, КХШТ Бош котибининг тинчликни сақлаш масалалари бўйича махсус вакилининг фаолияти муҳим ўрин тутади, - деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантиришни яна бир устувор йўналиш сифатида қайд этди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, жамоавий хавфсизлик тизимининг аксилтеррор фаолиятига жиддий эътибор қаратилмоқда.
– Террорчи гуруҳларга қўшилишни режалаштираётган фуқароларнинг мамлакатдан чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида биргаликдаги ишларни давом эттириш зарур. Терроризм ва экстремизмга алоқадор шахсларни қидириш, ҳибсга олиш ва экстрадиция қилиш механизмларини йўлга қўйиш муҳим. Биз КХШТ Хавфсизлик кенгаши котиблари қўмитаси ҳузуридаги терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалалари билан шуғулланувчи экспертлар ишчи гуруҳи фаолиятини жонлантиришни тавсия қиламиз, - деди Давлат раҳбари.

Президент қурол-яроғнинг ноқонуний айланиши ва трансмиллий уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда ҳамкорликни кучайтириш, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашишни ҳамкорликдаги ишнинг муҳим йўналиши, деб ҳисоблайди.
— Ҳозирги шароитда таҳдидларнинг табиати ва кибержиноятчилар томонидан қўлланиладиган қурол турлари тез ўзгариб бормоқда. Бизнинг асосий воситамиз – КХШТнинг ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бўйича «ПРОКСИ» операциясини амалга оширишда буни ҳисобга олиш керак, деб ҳисоблаймиз, — деди Қозоғистон Президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон раислиги даврида амалга ошириш учун белгиланган устуворликлар тез орада КХШТга аъзо давлатларга юборилишини айтди. Давлат раҳбари Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли жамоавий хавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш ва уни янада ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар давом этишига ишонч билдирди.
Сессия якунлари бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинди.