2023 йилда Қозоғистон иқтисодиётига камида 24,4 млрд доллар хорижий инвестициялар жалб этиш мўлжалланмоқда

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Инвестиция штабининг йиғилиши бўлиб ўтди, унда асосий капиталга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ўтган йилги ишлар якунлари ҳамда келгуси давр учун вазифалар кўриб чиқилди, деб хабар беради Kazinform primeminister.kzга таяниб.
None

ҚР Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Илияс Ўсеров маълум қилдики, 2022 йилда асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 15,1 триллион тенгени (йиллик режага нисбатан 94,2 фоиз) ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан 7,9 фоизга кўпдир. Кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва омборхонада ўсиш қайд этилди.

Марказий давлат органлари ўртасида йиллик режа Фан ва Олий таълим (121,8 фоиз), Соғлиқни сақлаш (103,5 фоиз), Таълим (102,3 фоиз) вазирликлари томонидан бажарилди.

Алихан Смаилов қайд этилган йўналишларда инвестицияларни жалб этиш бўйича ишларни кучайтириш, жумладан, амалга оширилмаган йирик лойиҳалар бўйича фаолиятни жонлантириш зарурлигини таъкидлади.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаров тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш масаласига тўхталар экан, уларнинг ҳажми 2022 йилнинг 9 ойи якунига кўра 22,1 миллиард долларни ташкил этгани, бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 17,8 фоизга кўп эканлигини маълум қилди. Хусусан, машинасозлик, қайта тикланадиган энергия, металлургия, агросаноат комплекси ва бошқа тармоқларда чет элликлар иштирокида 46 та инвестиция лойиҳаси фойдаланишга топширилди.

Энг сармоядор 10 давлат қаторида Нидерландия, АҚШ, Швейцария, Бельгия, Россия, Жанубий Корея, Хитой, Франция, Буюк Британия ва Туркия кирди.

Бош вазир 2023 йилда иқтисодиётга камида 24,4 миллиард долларлик хорижий инвестициялар жалб этиш вазифаси турганини, бунинг учун Ҳукумат томонидан барча зарур шарт-шароит яратилганини қайд этди.

Фото: primeminister.kz

Сўнгги хабарлар