10 ойда машинасозлик соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 27 фоизга ошди
ҚР Бош вазири Алихан Смаилов Қозоғистон машинасозлик уюшмаси бошқаруви раиси Мейрам Пишембаев билан учрашди, дея хабар беради Kazinform ҚР Ҳукумати матбуот хизматига таяниб.
Йиғилишда 2024-2028 йилларда машинасозликни ривожлантириш комплекс режасини амалга оширишнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Алихан Смаилов машинасозлик соҳасида ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатларига ижобий баҳо бериб, қабул қилинган ҳужжатнинг муҳимлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Комплекс режанинг амалга оширилиши нафақат машинасозлик саноатини, балки бутун мамлакат ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришга хизмат қилади.
Комплекс режа 7 та йўналиш бўйича 79 та тадбирдан иборат. 2028 йилга келиб режанинг амалга оширилиши ЯҚҚ (ялпи қўшилган қиймат) 4,5 баробар, РҲИ (реал ҳажм индекси) 2,2 баробар, экспорт ҳажмининг 3 баробар, инвестициялар ҳажмининг 1,5 баробар ўсишини таъминлайди.
Мейрам Пишембаевнинг таъкидлашича, Комплекс режанинг амалга оширилиши маҳаллий машинасозликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, экспорт имкониятларини ривожлантириш, шунингдек, сармояларни жалб этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга сезиларли суръат беради.
Айтиш жоизки, машинасозлик 37 та тармоқни қамраб олган ва иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларини асбоб-ускуналар билан таъминловчи энг юқори технологияли тармоқ ҳисобланади. Саноатдаги битта иш ўрни турдош тармоқларда 8-10 та иш ўрни яратади. 2022 йил якунларига кўра, мамлакат машинасозлик саноатида ишлаб чиқаришнинг жисмоний ҳажми 11 фоизга, 2023 йилнинг 10 ойида эса 27 фоизга ошди. 2023 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида 3,3 триллион тенгелик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари 2023 йил 1 сентябрдаги Мурожаатномасида саноат ўсишининг драйвери бўлган ишлаб чиқариш саноатини изчил ривожлантиришни асосий вазифалардан бири этиб белгилаган эди. Машинасозлик саноатини янада модернизация қилиш мамлакат иқтисодиётини диверсификация ва саноатлаштиришга янги суръат бағишлайди.