1 августдан бошлаб Қозоғистонда нима ўзгаради
ASTANA. Kazinform – Август ойида қозоғистонликларни бир қатор муҳим янгилик ва ўзгаришлар кутиб турибди.

Миллий қишлоқ хўжалиги ҳисоби бошланади
1-31 август кунлари Қозоғистонда Миллий қишлоқ хўжалиги ҳисоби биринчи босқичи ўтказилади.
Бу даврда барча иштирокчилар sanaq.gov.kz сайти орқали онлайн тарзда сўровномада иштирок этиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва деҳқон хўжаликлари икки хил сўровномага жавоб беради.
Берилган маълумотлар қатъий махфий саналади ҳамда «Давлат статистикаси тўғрисида»ги қонун асосида ҳимояланган – солиқ ёки бошқа органларга тақдим этилмайди.
Ҳисоб доирасида тахминан 300 минг қишлоқ хўжалиги ташкилоти ва 2 миллион хонадон қамраб олиниши режалаштирилган.

АҚШ Қозоғистон маҳсулотларига 25% бож жорий этади
1 августдан бошлаб АҚШ Қозоғистондан келтириладиган барча импорт товарларга 25% миқдорида бож солиқ жорий этади. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп июль ойида Truth Social ижтимоий тармоғидаги хатида маълум қилди.
У Қозоғистон билан савдо алоқаларининг аҳамиятини қайд этиб, ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. Агар қозоғистонлик компаниялар АҚШ ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйса, уларга бож солинмаслигини ҳам таъкидлади.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бож жорий этилишига оид хатга жавоб йўллади.

Навбатдаги миллий тест синовлари ўтказилади
10-14 август кунлари асосий тестда керакли балл тўплай олмаган абитуриентлар қайта имтиҳон топшириш орқали тўлов-контракт асосида олий ўқув юртига кириш имкониятига эга бўлади.
Имтиҳон жойи, куни ва вақтини абитуриент ўзи танлайди.
Август ойидаги миллий тест синовида қуйидагилар қатнашиши мумкин:
- Мактаб ва коллеж битирувчилари (жорий ва ўтган йилги);
- Чет элда ўқиган битирувчилар;
- Ватандошлар;
- Ижодий йўналишдан бошқа соҳаларга ўтишни хоҳловчи талабалар;
- Бошқа мутахассисликдан педагогик йўналишга ўтишни истовчилар;
- ОТМга шартли қабул қилинган талабалар.

Алмати – Минск йўналишида тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилади
10 августдан бошлаб «Алмати – Минск – Алмати» йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилади. Парвозлар ҳар чоршанба ва якшанба кунлари бажарилади. Йўналиш ишбилармон ва сайёҳлик мақсадлари учун янгича имкониятлар яратади.

Женнифер Лопес Астана ва Алматини жонли ижро билан қувонтиради
1 август куни машҳур хонанда Женнифер Лопес Астанадаги «Астана Арена» стадионида шахсий концертини ўтказади. Шу куни шаҳарнинг баъзи кўчаларида ҳаракат вақтинча чекланади.
10 август куни эса иккинчи концерт Алматининг Марказий стадионида бўлиб ўтади.
Дастлабки маълумотларга кўра, икки концерт натижасида давлат бюджетига тахминан 400 миллион тенгегача солиқ тушиши мумкин.
«Қазақтелеком» тариф шартларини ўзгартиради
«Қазақтелеком» АҚ «Мобайл Телеком-Сервис» орқали таклиф этиладиган «Практичный», «Базовый», «Керемет 2» тарифларига тегишли шартлар қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.
ChatGPT хизмати қимматлайди
1 августдан OpenAI Қозоғистон фойдаланувчилари учун *ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи)*ни ChatGPT обунасининг нархига қўшади.
Шунга мувофиқ, ChatGPT Plus тарифи нархи $20 дан $22.40 гача ошади (12% ҚҚС билан).
OpenAI маълумотига кўра, ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу солиқдан озод этилиши мумкин. Бунинг учун 2025 йил 1 августгача аккаунтдаги солиқ маълумотлари бўлимида бизнеснинг шахсий идентификация рақамини киритиш керак. Акс ҳолда, фойдаланувчи жисмоний шахс сифатида солиқ тўлашга мажбур бўлади.

30 август – Конституция куни
Бу йил Конституция қабул қилинганига 30 йил тўлади. Давлат байрами шанба кунига тўғри келгани боис, расмий дам олиш 1 сентябрь, душанба кунига кўчирилди. Шу тарзда 5 кунлик иш ҳафтаси бўлган фуқаролар 30, 31 август ва 1 сентябрь кунлари уч кун қаторасига дам олишади.