Жорий йилнинг етти ойида Қозоғистон ва Германия ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми 2,3 миллиард доллардан ошди
ASTANА. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев ва Олаф Шольц расмий делегация аъзолари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Президент Канцлернинг мамлакатга илк расмий ташрифи аҳамиятли эканини таъкидлаб, бугунги учрашув Қозоғистон ва Германия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришига ишонч билдирди.
— Ҳозиргина кичик таркибда икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилдик. Савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, долзарб халқаро муаммолар ҳақида суҳбатлашдик. Хусусан, бугунги геосиёсий вазият, глобал хавфсизлик ва минтақавий ривожланиш, иқлим ўзгариши юзасидан фикр алмашдик. Биз халқаро ташкилотлар доирасидаги интеграция масаласини ҳам кўриб чиқдик. Икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик руҳида ривожланиб бормоқда. Ишончим комилки, бугунги музокаралар унинг кўламини кенгайтиришга хизмат қилади, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Германия Қозоғистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан, иқтисодиётга сармоя киритаётган етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.
– Ўтган йили ўзаро товар айланмаси ҳажми 1,5 баробар ошиб, 4 миллиард долларга етди. Жорий йилда ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Ўтган етти ойда савдо-сотиқ ҳажми 2,3 миллиард доллардан ошди. 2005 йилдан бери Германиядан 6,7 миллиард долларга яқин тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди. Ушбу маблағларнинг 90 фоизи нохомашё секторига тўғри келиши қувонарлидир. Бугунги кунда Қозоғистонда Германия сармояси улушига эга мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, - деди Давлат раҳбари.
Бундан олдин Германия канцлери Германия ва Қозоғистон ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорлик яхши ривожланаётганини айтганди.