Жорий йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 6-6,5 фоизга ўсиши мумкин
TASHKENT. Kazinform – Жорий йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 6-6,5 фоизга ўсиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев мамлакатнинг макроиқтисодий аҳволи ва молия секторини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган панель йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Каzinform агентлигининг Тошкентдаги мухбири Алихан Асқар.
“Мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар туфайли иқтисодий ўсиш суръатлари юқори. Прогнозга кўра, жорий йилда ва ўрта муддатли истиқболда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6-6,5 фоиз даражасида бўлади. Бунга 2024 йилда мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестициялар ижобий таъсир кўрсатди”, – деди Беҳзод Ҳамроев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти жорий йилда 6,5 фоизга, 2025 йилда эса 6 фоизга ўсишини башорат қилганди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 200 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда.