Жамбил вилоятида трансчегаравий сувга қарамлик камаяди
2025 йилгача Жамбил вилоятида 13 та сув омбори қурилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Ербол Қарашўкеев пойтахтда бўлиб ўтган ҳисобот брифингида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform.

“Ҳудуднинг трансчегаравий сувдан фойдаланишга қарамлигини камайтириш мақсадида сув тизимларини қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ҳажми 650 миллион куб метр бўлган Интали ва Тасўткел сув омборлари янгиланмоқда. Бундан ташқари ҳажми 166 миллион куб метрни ташкил қиладиган яна иккита сув ҳавзасини (Терис Аччибулақ, Қорақўнғиз) модернизация қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда”, — деди Е. Қарашўкеев Марказий коммуникациялар хизматида.
2025 йилгача ҳажми 46,2 миллион куб метр бўлган 13 та сув омбори қурилиши режалаштирилган бўлиб, улардан учтаси йирик (“Ақмола”, “Ирғайти” ва “Қалғутти”), 10 таси кичик сув омборлари - (“Андас 1”, “Андас 2”, " Андас 3", "Науа", "Молали", "Шўнгер", "Сулутўр", "Мақпал", "Кўкдўнен", "Қарақистақ").
Жорий йилда ҳажми 1,4 миллион куб метр бўлган 3 та сув омбори (“Андас 1”, “Андас 2”, “Андас 3”) қурилмоқда.
“2027 йилгача халқаро институтлар ҳисобидан 361 та сув объектини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда вилоятнинг 6 туманида режалаштирилган 69 минг гектар суғориладиган майдоннинг қарийб 34 минг гектарини ташкил этувчи ариқларда реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Суғориш суви миқдорини ошириш учун режалаштирилган 646 та скважинадан 103 таси қазилди. Яъни, яқин йилларда қолган 300 та скважина қазилади. Натижада вегетация даврида трансчегаравий суғориш сув манбаларига қарамликни 3 йил ичида ҳозирги 85 фоиздан 50 фоизга камайтириш режалаштирилган”, — дея изоҳ берди вилоят ҳокими.