Япониядаги зилзила оқибатида 78 киши ҳалок бўлди, 51 киши бедарак йўқолди

Япония Бош вазири Фумио Кисида пайшанба куни фавқулодда вазиятларга жавоб бериш штабининг йиғилишида расмийларни зилзилалардан кейинги дастлабки 72 соат ичида одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва ҳаётни қўллаб-қувватлаш воситаларини етказиб бериш бўйича саъй-ҳаракатларни максимал даражада ошириш учун барча мавжуд ресурсларни сафарбар қилишга чақирди. Бу вақт даври қутқарувчилар учун айниқса муҳимдир, чунки кейинчалик тирик қолганларни топиш имконияти сезиларли даражада камаяди.
-Бугун кечгача, офатдан кейин 72 соат ўтгунга қадар, мен у ердаги барчани имкон қадар кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тўлиқ фидойилик билан ишлашга чақираман, - деди Бош вазир.
Киодо Цусин ахборот агентлигининг маълум қилишича, 44 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган Важима шаҳрида кўп одамлар ҳанузгача вайроналар остида қолиши мумкин.
Қайд этилишича, Япония ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучларининг транспорт кемаси табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун Важима қирғоқларига оғир техникаларни етказиб беради.
Пайшанба куни эрталабки ҳолатга кўра, бир қатор зилзилалар Исикаванинг баъзи қисмларида 95 000 га яқин уй хўжаликлари шикастланган қувурлар туфайли сув таъминотида узилишларни бошдан кечирган.
Вайроналар ва шикастланган йўллар қидирув-қутқарув ишларини мураккаблаштирмоқда.
Япония Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги зилзиладан сўнг Исикавада камида 100 гектар ерни сунами остида қолганини маълум қилди. Сув тошқинининг ҳақиқий ҳажми, эҳтимол, бундан ҳам каттароқдир.
Душанба куни Исикава префектурасининг Ното ҳудудида максимал 7,6 магнитудали кучли зилзила юз берди. Зилзила эпицентри Важима шаҳридан 30 км шимоли-шарқда жойлашган.